Павел Дуров WhatsApp шифрланишини тарихдаги энг йирик фирибгарлик деб атади

15:17 10 Апрель 2026 Дунё
268 0

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров WhatsAppʼдаги шифрланишни «истеъмолчиларни алдаш бўйича тарихдаги энг йирик ҳолат» деб атади. Тегишли пост у ўзининг каналида эълон қилди.

«Ўз баёнотларига қарамай, илова фойдаланувчиларнинг хабарларини ўқийди ва уларни учинчи шахсларга топширади. Telegram ҳеч қачон бундай қилмаган ва қилмайди ҳам», — деб ёзди у ва WhatsApp миллиардлаб фойдаланувчиларини чалғитаётганини қўшимча қилди.

Дуров ўз постига Meta Platforms компаниясига қарши даъво аризаси ва компанияни шахсий хабарларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш имкониятига эга эканлигида айбловчи ОАВ материалининг скриншотини илова қилган. 2026 йил январь ойида халқаро даъвогарлар гуруҳи Америка компаниясини судга берган эди.

Даъвогарларнинг таъкидлашича, WhatsApp ва унинг бош компанияси мессенжер фойдаланувчиларининг «деярли барча шахсий хабарларини сақлайди, таҳлил қилади ва улардан фойдаланиш имкониятига эга».

Дуров илова қилган скриншотда айтилишича, махсус «орқа эшик» (backdoor) ёрдамида компания ходимлари ёки учинчи томон пудратчилари охиригача шифрлаш (end-to-end encryption) тизимини четлаб ўтишлари ва фойдаланувчиларнинг шахсий ёзишмаларини кўришлари мумкин.

Қайд этиш жоизки, Павел Дуров бир неча йилдан бери WhatsAppʼни танқид қилиб келади. У ушбу мессенжер кузатув воситаси бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?