Мамлакат маданиятига бўлган оддий ва самимий ҳурмат белгиси
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваронинг сўнгги, юртимизга оид постларини кузатиб, битта жиҳат эътиборимни тортди. Машҳур футболчи постдаги гапларни, аввало, ўзбек тилида бошлаяпти. Бу шунчаки тармоқ юритиш усули эмас, балки аудиторияга, шу мамлакат маданиятига бўлган оддий ва самимий ҳурмат белгисидир. Италиядан келган, бутун дунё танийдиган, «Олтин тўп» соҳибининг бу эътибори, очиқ айтиш керак, комплекслари йўқ, ўзини шу жамиятнинг бир бўлаги ҳисоблайдиган исталган ўзбекистонликка хуш ёқади.
Аслида, бу ҳаммамиз учун яхшигина намуна. Биз кўпинча «шунга ўрганиб қолганмиз», «бошқалар тушунмайди» деган андишалар билан эски одатларимиздан кечолмаймиз, лекин ўзгариш учун қандайдир катта туртки шарт эмас. Атиги озгина истак ва мулоқот одатини тўғри шакллантиришга бўлган ирода бўлса етарли эканини шу битта мисол ҳам кўрсатиб турибди.
Қувонарлиси шундаки, бу борада давлат идораларида аллақачон силжиш бор, кўзга ташланяпти. Мисол учун, 2020 йил 20 октябрда Президент томонидан имзоланган ПФ-6084-сонли: «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бор. Унинг ижроси юзасидан расмий ёзишмалар ва ички ҳужжатлар алмашинуви изчил равишда ўзбек тилига фаол кўчирилаётгани — давлат тилининг муносиб ўрни ҳис этилиши бошлангани умид бахш этади. Албатта, ҳаммаси бирданига силлиқ кечмаётгандир, аммо қадамлар тўғри ва мантиқий йўналишда ташланаётгани кўнгилни тўқ қилади.
Айниқса, Наврўз байрамида Амир Темур империясининг байроғи мағрур ҳилпирагани, энг юқори минбарлардан миллий ўзликни англашга ёрқин ишоралар бўлаётгани ҳам аслида яққол сигнал беради.
Эндиги қадамни йирик бизнеслар, хизмат кўрсатиш соҳалари ва хусусий мактаблар ташласа мақсадга мувофиқ бўларди. Давлат секторида юз бераётган ва ҳатто чет элликлар тушуниб етаётган лисоний ҳурмат муҳитини хусусий секторда яратиш ҳам қийин эмас. Бунинг учун катта сармоя ёки юқоридан буйруқ бўлиши шарт эмасда — шунчаки ўз истеъмолчисига қаратилган ҳурмат, аҳолининг шу давлат, бир миллат ўзлигини ҳис эта олишига дахлдорликни сезишса бас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида
- Закиров Фаррух Каримовични «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлаш тўғрисида
- Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров шарафланди
- Польша билан иккинчи жаҳон уруши тарихи бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
- Эронда интернет узилиши 47 кундан бери давом этмоқда
- WSJ: Европа АҚШнинг НАТОдан эҳтимолий чиқишига қарши захира мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг