Мадьяр Венгриянинг янги раҳбарияти Украинага бериладиган 90 млрд евролик кредитни блокламаслигини маълум қилди

11:21 14 Апрель 2026 Дунё
346 0

Венгриядаги парламент сайловларида ғалаба қозонган «Тиса» партияси етакчиси Петер Мадьяр Украинага 90 миллиард евро миқдорида кредит ажратилишига тўсқинлик қилмаслигини билдирди. Унинг сўзларидан Forbes иқтибос келтирмоқда.

Мадьяр Венгрия ушбу кредитни молиялаштиришда қатнашмаслигини, бироқ Европа Иттифоқининг бошқа давлатларига буни амалга оширишга рухсат беришини алоҳида қайд этди.

У Бош вазир Виктор Орбан бошчилигидаги «Фидес» партияси ҳукумати Венгрияни кредит шартномасидан чиқариб ташлашга эришганини эслатиб ўтди.

«Ҳозир бу масалани нега қайта очиш кераклигини тушунмаяпман», — деди Мадьяр.

Шунингдек, Петер Мадьяр Украинадаги мураккаб иқтисодий вазиятга эътибор қаратиб, Киев янги қарзлар олишга қурби етмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, у мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли Украинанинг Европа Иттифоқига тезлаштирилган тартибда аъзо бўлишини қўллаб-қувватламади. Унинг сўзларига кўра, у музокаралар олиб борган ЕИ етакчилари ҳам худди шундай позицияда. Мадьяр Украина ҳам бошқа давлатлар каби аъзолик йўлини босиб ўтиши керак деб ҳисоблайди, бироқ бу яқин ўн йил ичида амалга ошмайди.

Петер Мадьяр венгриялик сайловчиларнинг қарорини ҳурмат қилгани учун Россияга миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Будапешт прагматик ҳамкорлик учун очиқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер