Сирдарёда тадбиркордан 7,5 минг доллар талаб қилган судья ва банк ходими қўлга олинди

21:38 14 Апрель 2026 Жамият
388 0

Сирдарё вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Прокуратура органлари ва Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги пора билан боғлиқ жиноятга чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси ўзининг иш юритувида бўлган даъво ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига тадбиркордан пул талаб қилган. Гап маҳаллий тадбиркор томонидан Гулистон шаҳрида қурилган кўп қаватли бино бўйича кассация тартибида кўрилаётган даъво иши ҳақида бормоқда.

Судья мазкур иш қонунан тадбиркор фойдасига ҳал бўлишини олдиндан билган бўлса-да, «Агробанк» АТБ Гулистон филиалининг мансабдор ходими (ўзининг яқин алоқаси) орқали тадбиркордан 7500 АҚШ доллари талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида банк мансабдори сўралган пулдан 5500 АҚШ долларини воситачи сифатида қабул қилиб олган. Суд томонидан тадбиркор фойдасига қарор эълон қилинганидан сўнг, банк ходими судьяга 3600 АҚШ долларини бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатма: ДХХ фуқаролардан шу каби коррупцион ҳолатларга дуч келганда 1520 қисқа рақамига хабар беришни сўрайди. Маълумот берган шахсларнинг сир сақланиши тўлиқ кафолатланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер