Тошкентда маданият соҳасидаги ислоҳотлар ва «Арда» фильми тақдимоти муҳокама қилинди (+фоторепортаж)
Бугун, 13 апрель куни Тошкент шаҳрида сўнгги йилларда маданият соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда «Арда» ҳужжатли фильмининг тақдимоти юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси Абдурауф Набиев, Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи Дилмурат Атагелдиев, Тарих фанлари доктори Озодбек Ражабов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида маданият ва санъат соҳасининг ўрни тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, сўнгги йилларда мазкур йўналишда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар нафақат инфратузилмани ривожлантириш, балки миллий маданиятни асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда тарғиб этиш ва ёш авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этаётганини билдирди.

Маълумот берилишича, сўнгги 9 йилда маданият ва санъат соҳасига оид Ўзбекистон Республикасининг 4 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 35 та Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 98 та қарори ва фармойишлари қабул қилинган. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасининг «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жонли ижро санъатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинган. Соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланган.
Шунингдек, ўтган йилларда янги 2 та замонавий театр, 19 та маданият маркази, 20 та мусиқа ва санъат мактаби, 8 та ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ҳамда 5 та олийгоҳ ташкил этилган бўлиб, миллий анъана ва қадриятларимизни ёш авлодга бус-бутун етказиш мақсадида Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика Бахшичилик санъати марказлари, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари ташкил этилган. Аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат филармонияси, «Баҳор» давлат рақс ансамбли, Андижонда ёшлар симфоник оркестри ва Фарғонада миллий симфоник оркестрлари фаолияти йўлга қўйилди.

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот, истеъдодли ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти, маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида «Келажак мероси» халқаро мукофотлари таъсис этилди.
Республикамиз бўйлаб театр йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган бўлиб, 2017 йилга қадар театрлар сони 37 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 41 тага етган. 2015-2016 йилларда 3 та театр реконструкция қилинган бўлса, 2016-2025 йилларда 11 та театр мукаммал таъмирланиб, қайта жиҳозланган. Давлат театрлари томонидан 2017 йилда маҳаллий гастроллар 15 та, хорижий гастроллар 7 тани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 92 та хорижий ва 362 та маҳаллий гастроль сафарлари амалга оширилган.
Бугунги кунда Маданият вазирлиги тасарруфида 839 та маданият маркази фаолият юритаётган бўлиб, улардаги тўгараклар сони 2017 йилда 1 258 тани ташкил этган, 2026 йилга келиб 3 258 тага етказилган. Маданият марказларида 2017 йилгача намунавий халқ жамоалари сони 375 тани ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб мазкур жамоалар сони 610 тага етган. 2016-2025 йиллар давомида 8 та номоддий маданий мерос объекти ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.

Таълим йўналиши бўйича эса, 2017 йилгача вазирлик тасарруфида 333 та таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб Маданият вазирлиги тасарруфида ушбу кўрсаткич 367 тани ташкил этмоқда. Ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари сони 21 тага кўпайиб, 305 тадан 326 тага етган. 2017 йилда маданият ва санъат йўналишида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар қамрови 80,7 минг нафарни ташкил этган бўлса 2025-2026 ўқув йилида 110 минг 245 нафарни ташкил қилган.
Шунингдек, Маданият ва санъат соҳасида фаолият фаолият олиб бораётган ходимларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 2025 йилнинг ўзида маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари 1 январдан – 20 фоизга, 1 июлдан – яна 15 фоизга ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорлари, директор ўринбосарлари, ўқитувчи ва концертмейстерларининг иш ҳақи миқдорлари 10 фоизга оширилган. Маданият ва санъат соҳасига Давлат бюджетидан 2017 йилда 122,8 млрд сўм маблағ ажратилган бўлса, 2026 йилда 1,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобига маданият муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, замонавий техник восита ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ижодий жамоалар учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга қадар маданият ва санъат муассасаларида умумий қиймати 331,5 млрд сўмлик 72 та давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган. Агар ушбу йўналишдаги ишлар динамикасига назар ташланса, 2020 йилда 53,4 млрд сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2025 йилга келиб 92,1 млрд сўмлик 21 та давлат-хусусий шериклик битими имзолангани мазкур механизмнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради.
Мамлакатимизнинг маданият ва санъат соҳасидаги хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги сўнгги 5 йил давомида янги босқичга кўтарилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг 29 та хорижий давлатда маданият кунлари, шунингдек, 12 га яқин хорижий давлатнинг Ўзбекистонда маданият кунлари ўтказилган. 2025 йилнинг ўзида 10 та давлатда «Ўзбекистон маданияти кунлари», Ўзбекистонда эса 4 та давлат маданият кунлари ташкил этилган. Таъкидлаш жоизки, ўзбек санъатини дунё бўйлаб тарғиб этиш мақсадида Корея Республикаси, Қатар, Қозоғистон, Буюк Британия, Япония, Озарбайжон, Туркия каби давлатларда юртимизни тарғиб этувчи шахсларга «Ўзбекистон маданияти элчиси» мақоми берилди.

2017-2025 йиллар давомида вазирлик тасарруфидаги 51 та концерт-томоша муассасаси томонидан 61 минг 892 та оммавий концерт-томоша тадбирлари ташкил этилиб, уларга 64 млн 800 нафар аҳоли қамраб олинган. Ижодий жамоалар томонидан 534 та маҳаллий ва 154 та хорижий гастроль сафарлари ташкил этилган. 2024 йилдан бошлаб 14 та ҳудуднинг белгиланган 17 та манзилида «Кўча санъати ва мусиқаси», таниқли маҳаллий ва халқаро ижодкорлар иштирокида 10 та ҳудуддаги 60 дан ортиқ тарихий, маданий ва туристик объектларда «Юлдуз билан саёҳат» лойиҳаси ўтказилиб, 50 минг нафар аҳоли жалб этилди.
Маданият вазирлиги тизимида Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолияти қайта ташкил қилинди. Номоддий маданий мероснинг маҳаллий рўйхатларидаги намуналар сони 897 тага, миллий рўйхатга киритилган объектлар сони 78 тага етказилди. Жумладан, Шашмақом, Нурота каштачилиги, Қорабайир отларини парвариш қилиш анъаналари, аския – сўзамоллик санъати, қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати каби халқимизнинг ноёб ва ўзига хос номоддий маданий мерос намуналари миллий рўйхатдан ўрин олди.

Маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёшларни аниқлаш борасида 2017 йилга қадар 10 та танлов ташкил этилган бўлса, 2025 йилга келиб танловлар сони деярли 2 баробар ошди ва уларнинг сони 22 тани ташкил этди. Ушбу танлов ва фестивалларга 1600 га яқин ижодкор ёшларнинг иштироки таъминланди. Шулардан 456 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган. Мазкур танловларда иштирок этган ёшлар сафидан маданият йўналиши бўйича 2025 йилда 1 нафари «Шуҳрат» медали соҳиби, 3 нафари «Келажак бунёдкори» медали соҳиби, 6 нафари «Зулфия» мукофоти совриндори, 6 нафар йигитлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 26 нафар ёшлар «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони совриндори бўлишга эришган.
Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг халқаро танловлардаги иштироки ҳам сезиларли даражада ўзгарган. Хусусан, 215 нафар ёшлар АҚШ, Италия, Франция, Германия, Чехия, Латвия, Испания, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатларда ўтказилган нуфузли танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.
Матбуот анжумани давомида Ўзбекистонда илк маротаба сунъий интеллект асосида тайёрланган «Арда» ҳужжатли фильмининг тизери намойиш этилди. Мазкур ҳужжатли фильм илк бора сунъий интеллект асосида яратилган бўлиб, барча маълумотлар тарихий ва асосли манбаларга эга. Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида ҳам бу қадимий диёрнинг бетакрор салоҳияти, туристик мажмуаларнинг кўплиги ва жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

«Арда» ҳужжатли фильми Хива тарихи, цивилизацияси кўрсатилган AI орқали яратилган реалистик тасвирли илк фильм бўлиб, фильм 2 ой давомида яратилган. Фильмда 15га яқин ижодий жамоа иш олиб борди. Мамлакатимиздаги илк цивилизация, дин ва маданият ривожланиши, тарихий обидалар қурилиш даври, босқинлар, урушлар кўрсатилган. Мазкур ҳужжатли фильм Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг Хоразм тарихи бўйича мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланган.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан бошқа мутахассислар ҳам маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва жамоатчилик фаоллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг