Тадбиркор билан мулоқот қиладиган давлат хизматчилари «Ягона давлат назорати» мобил иловасидан фойдаланишлари мажбурий бўлади

16:43 17 Апрель 2026 Ҳужжатлар
237 0

Тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги мулоқотда ҳисобдорлик таъминланади. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.

Унда айтилишича, давлатимиз раҳбарининг «Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра 2026 йил 1 августдан:

  • тадбиркор фаолиятини текширишда иштирок этадиган ёки тадбиркор билан мулоқотга киришадиган давлат хизматчилари «Ягона давлат назорати» ахборот тизимининг мобил иловасидан фойдаланишлари мажбурий этиб белгиланади;
  • «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаларнинг электрон шаклини юритиш орқали уни қоғоз кўринишида расмийлаштириш тартиби бекор қилинади;

«Бизнес ҳимоя» QR-кодини жорий этиш доирасида:

  • тадбиркор томонидан назорат қилувчи орган мансабдор шахсига Текширувларни рўйхатга олиш электрон китобини тақдим этиш тартиби бекор қилинади;
  • назорат қилувчи орган мансабдор шахси тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказишдан олдин «Ягона давлат назорати» ахборот тизимининг мобил иловаси ёрдамида тадбиркордаги «Бизнес ҳимоя» QR-кодини сканерлаш орқали текширувни рўйхатга олади;
  • давлат хизматчилари «Бизнес ҳимоя» QR-коди орқали текшириш ёки мулоқот ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритмаса, тадбиркорлар давлат хизматчисини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ва мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига эга.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида автоматик тарзда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида уларнинг шахсий кабинети композит тартибида очилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер