Зиммамизда юксак вазифалар мужассам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан танишиб, жонажон Ватанимиз тинчлиги ва халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда зиммамизда ҳали юксак вазифалар мужассамлигини яна бир бор ҳис этдим. Чунки Мурожаатномада барча соҳалар қатори ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Галдаги улуғвор режалар белгилаб берилди. Халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни барвақт олдини олиш ишларини янги босқичга кўтаришимиз зарурлиги уқтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 майдаги “Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида, ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори асосида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Бош бошқарма мақомига алмаштирилиб, унинг таркибида 4 та минтақавий бошқарув тизими жорий этилди. Натижада вилоят ҳудудида ички ишлар ходимлари томонидан аҳолига тезкор хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Фуқаронинг мурожаатини синчковлик билан ўрганиш, одилона хулоса чиқариш тизими яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ваколат ва функцияларнинг қуйи бўғинга туширилиши уни чинакам халқчил хизматга айлантиришга асос бўлди. Вазифаларни бажаришга илмий ёндашув ва илғор ахборот-коммуникация технологияларидан изчил фойдаланиш муайян ютуқларни таъминламоқда. Вилоятда бу борада ўтган 2019 йилда кўпгина ишлар қилинди. Жумладан, соҳа ходимларига муносиб меҳнат ва турмуш шароитлари яратилди. Профилактика нозирлари хизмат уйлари, шахсий уй-жойлар, шунингдек шахсий автоуловлар билан таъминланди.
Жорий йил 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан муҳтарам Президентимизнинг топшириқларига асосан, вилоят ИИББ раҳбарияти ва Ангрен шаҳар ҳокими томонидан 2-минтақа ҳудудидаги яшаш шароити оғир бўлган, ўз хизмат вазифасини намунали ўтаётган 24 нафар ходимларга замонавий услубда қурилган ва жиҳозланган 2 ва 3 хонали хонадонлар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсияларига асосан ўз хизмат вазифасини ҳалол ва сидқидилдан бажарган ходимларга янги тузилган Махсус жамғарма ҳисобидан устама ҳақ тўлаш тизими ишлаб чиқилди.
Президентимизнинг ички ишлар ходимларига бераётган эътиборлари бизни янада ғайрат билан хизмат қилишга ундайди. Халқнинг ишончини оқлаш, Ватан тинчлиги ва фаровонлигини, фуқароларнинг мол-мулкига бўлган дахлсизлигини таъминлаш, содир этилган жиноятларни тезкорлик билан фош этиш бизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Хотам КАДИРОВ,
Тошкент вилояти ИИББ бошлиғининг
2-минтақавий ҳудуд бўйича вакили,
Марказ-бошлиғи подполковник.
“Cодиқ хизматлари учун” медали соҳиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг