Зилзила оқибатида Туркия иқтисодиётига етган зарар 84 миллиард доллардан ошиши мумкин

22:12 12 Февраль 2023 Дунё
1185 0

Фото: Reuters

Туркиядаги зилзилалар мамлакат иқтисодиётига 84 миллиард доллари ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизи миқдорида зарар етган. Бу ҳақда "Bloomberg" агентлиги Тадбиркорлар конфедерацияси ва республика ишбилармон доиралари вакилларининг ҳисоб-китобларига асосланиб хабар бермоқда.

Ишбилармонлар гуруҳи маълумотларига кўра, Туркияда турар-жой биноларига етказилган зарар 70,8 миллиард долларни ташкил этган. Зилзилалар оқибатлари ҳам мамлакат бюджети даромадларининг 10,4 миллиард долларга камайишига олиб келади, меҳнат йўқотишлари эса Туркия иқтисодиётига 2,9 миллиард долларга тушади.

"Bloomberg" материалида қайд этилишича, конфедерация баҳолари бошқа иқтисодчиларникидан юқори. Кўплаб экспертлар ҳам ҳозир фалокатнинг якуний оқибатлари ҳақида гапиришга эрта экани айтишмоқда.

Туркияда 6 февраль куни тонгда Қаҳраманмараш вилояти ҳудудида 7,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Маълум қилинишича, бу 1939 йилдан бери мамлакат ҳудудида юз берган энг кучли ер силкиниши ҳисобланади. Кейин яна 1891 та ер силкиниши қайд этилган.

Табиий офат таъсири Суриянинг бир қанча минтақалари, шунингдек, Ливан, Ироқ ва Кипрда ҳам сезилди. Бу давлатлар ичида энг катта талафот Сурияда кузатилди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, ер силкинишлари оқибатида жами 33 минг нафардан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмган. Шундан 3,5 минг нафардан ортиғи Сурия ҳудудида қайд этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер