Жорий йилда 14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилади
АОКАда ўтказилган брифингда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Абдувоҳоб Ҳайитов абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунлари ва чет тилидан ижодий имтиҳонлар ҳақида маълумот берди.
Республика бўйича жами 89 та давлат олий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудлардаги 29 та филиал ва факультетларига 1 018 007 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Уларнинг 948 486 нафари тест синовида иштирок этиши белгиланди.
Жорий йилда 14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилиб, 6 834 нафар (биринчи таълим йўналишига нисбатан) абитуриент масофавий таълим шаклида ўқиш истагини билдирди. Шунингдек, 545 616 нафар абитуриент кундузги, 22 867 нафари кечки, 373 169 нафари сиртқи таълим шакли учун рўйхатдан ўтди.
Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган олий таълим муассасалари (биринчи таълим йўналишига нисбатан):
Ўзбекистон миллий университетига – 33 721 нафар;
Тошкент давлат транспорт университетига – 28 474 нафар;
Фарғона давлат университетига – 28 188 нафар.
Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган ҳудудлар (доимий яшаш ҳудуди бўйича):
Қашқадарё вилояти – 112 242 нафар.
Самарқанд вилояти – 105 805 нафар.
Фарғона вилояти – 89 022 нафар.
Кириш тест синовларини очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан 3 500 нафарга яқин номзод гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилади.
Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларни сурдотаржимон хизматлари билан таъминлаш мақсадида 127 нафар сурдотаржимон билан шартнома тузилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг