Жиззахнинг қаровсиз адирлари «яшил хазина»га айланмоқда

09:53 10 Апрель 2026 Жамият
213 0

Ғаллаорол тумани «Кўкбулоқ» массивида ҳудуд қишлоқ хўжалиги тарихида янги саҳифа очилди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил декабрь ойидаги Жизза вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида BMB HOLDING компанияси томонидан йирик инвестицион лойиҳанинг янги босқичи, экспортбоп гилос кўчатлари экишга старт берилди.

Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларининг йиллар давомида сув таъминоти йўқлиги, қиш ва баҳор ойларидаги ёғингарчиликларга қарам бўлган 500 гектар ер майдонларида айни вақтида илғор агротехнологиялар қўлланилиб, маҳаллий ҳамда хориждан келтирилган, инвитро усулида етиштирилган юқори экспортбоп гилос навлари экилиб, интенсив боғлар яратилмоқда.

— Биринчи босқичда Нидерландия ҳамда Польша давлатларидан олиб келинган ва «Самарқанд Шарқ саноати» корхонаси лабораторияларида инвитро усулида кўпайтирилган «Батирма» навли аччиқ гилос кўчатларидан 50 минг донаси 4х2,5 схемада экилади, — дейди Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Собир Эгамбердиев. — Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 350 млрд сўмни ташкил қилиб, ҳозирда 26,2 млрд сўмлик ишлар тўлиқ Холдингнинг ўз маблағлари билан йўлга қўйилди. Қолгани эса инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади. Унинг йиллик қуввати 1000 тонна гилос етиштиришдан иборат.

Ушбу лойиҳа нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳимдир. У тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 50 нафар доимий ва 800 нафарга яқин мавсумий иш ўринлари яратилади.

BMB GARDENS лойиҳаси маҳсулотни етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган ягона занжирни яъни кластер тизимини шакллантиради. Бу эса юртимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва миллий брендимизни жаҳон бозорларида мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир.

Толибжон ЭРГАШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер