«Жанга қалъа» ҳақида эшитганмисиз?
Қонликўл туманидаги «Жанга қалъа» овул фуқаролар йиғини ҳудудида шу номдаги қадимий қўрғон қолдиқлари бор. 19-аср охири, 20-аср бошларига тааллуқли ушбу обида Хива хони томонидан бунёд этилган бўлиб, ўз даврида унга Қутлуғмурод иноқ, Шарибой беглар беги деган тарихий шахслар раҳбарлик қилган.
Амударёнинг чап қирғоғида жойлашган қўрғонда карвонлар дам олиб ўтган, ундан душманлардан қўриқланадиган мудофаа иншооти сифатида ҳам фойдаланилган. Қорақалпоқлар маданий дам олган ушбу жойда ҳунармандчилик ва савдо ривожланган.

«Жанга қалъа»нинг узунлиги 70 метр, эни 40 метр, баландлиги 3 метр, тўртбурчак шаклида бўлган. Лойдан бунёд этилган деворларнинг қалинлиги 1 метрни ташкил этган. Деворларнинг ички томонида навкарлар юрадиган баланд ҳавоза йўлак ҳамда деворда душманни отиш учун тирқишлар бўлган. Албатта, қўрғон ўзининг катта ва кичик дарвозалари ҳам эга бўлган. Халқ ботири сифатида танилган Ўтеш Даулетназар ўғли ушбу иншоотдан ёв ҳужумидан мудофааланиш сифатида ҳам фойдаланган, деган миш-мишлар мавжуд.
Мазкур қалъа тўғрисидаги ёзма маълумот 1899 йили Қўнғирот шаҳрига ташриф буюрган рус экспедицияси аъзоси М.Н.Чернишевскийнинг кундаликларида учрайди.
Ҳидоят АҲМEДОВ,
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг