Жамоатчилик назорати давлат тасарруфидаги ташкилотдан устун келди.

15:59 04 Февраль 2020 Жамият
1111 0

norma.uz

Жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолининг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш учун жамоатчилик назорати муҳим саналади. Хабарингиз бор, 2018 йил 13 апрел куни “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва албатта, нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг зиммасига ҳам улкан масъулият юкланди. Сабаби, жамоат тузилмалари жамият ҳаётидаги муаммоларнинг ечимини топишга бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилишларини тақозо этади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳам нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ўз фаолиятини юритиб, жамоатчилик назорати орқали фуқаролар мушкулини осон қилиб келмоқда. 2019 йил сарҳисоби бўйича 10261 та ариза келиб тушган бўлса, унинг 9736 таси, яъни 94,9 фоизи  ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 10 174 967 565 (ўн миллиард бир юз етмиш тўрт миллион тўққиз юз олтмиш етти минг беш юз олтмиш беш) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. 

Эслатиб ўтамиз, бу нодавлат-нотижорат ташкилот кўрсаткичи. Энди эса худди шу функцияда фаолият юритаётган давлат ташкилоти кўрсаткичларига эътиборингизни қаратинг. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Aгентликка ўтган 135 кун давомида турли шикоятлар билан 1300 дан ортиқ истеъмолчи мурожаат қилган ва 312 млн. сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. 
Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига эса 135 кун давомида 5000дан зиёд мурожаат келиб тушди ва 5 млрд. 200 млн. сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб- китоб қилиб берилди. Бу сезиларли фарқ, албатта, сизни ҳайратга солиши мумкин. Сабаби давлат томонидан молиялаштириладиган ташкилот кўрсаткичи, ўз-ўзини таъминлайдиган, яъни давлат бюджетидан бир сўм ҳам фойдаланмайдиган Федерцияникидан анча паст. Бу эса, жамоатчилик назоратининг нечоғли устун ва аҳоли билан яқин эканлигидан далолат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер