Жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этиб, фуқаролик позициямизни намоён этайлик

15:37 07 Февраль 2024 Жамият
396 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимизда 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” этиб белгиланди ва бу йилда Янги Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга ошириладиган ислоҳотлар ва асосий тадбирларни ўтказиш бўйича Давлат дастури лойиҳасини жонажон Ватанимизнинг бугунги ва эртанги куни тўғрисида қайғурадиган фуқаро сифатида биз педагоглар ҳам кутаётган эдик. Кутишларимиз кўп бўлмасдан 2024 йил 31 январь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани эълон қилинди.

Мазкур 36 банддан иборат Фармон ва 294 банддан иборат Дастур лойиҳаси билан танишиб чиқиб, мамлакатимизнинг “тарихий ислоҳотлар даври”да яшаётгани чуқур ҳис қилдик. Бу жараёнда жимгина, эътиборсизлик қилмасдан таклиф-ташаббусларимизни сарҳисоб қилиб, айрим вазифаларни янада такомиллаштириш бўйича таклифларимизни юборишни бошладик.

Бу жараёнда жамоатчилик муҳокамаси нега долзарб эканлиги тўғрисида озгина фикр юритсак. Биринчидан, демократик қоидалардан бири очиқлик ва ошкоралик ҳисобланади. Шундай экан Янги Ўзбекистоннинг йўли демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришни мақсад қилган мамлакатимизнинг 2024 йилда амалга оширадиган ва асосий ишларини белгилаб берадиган стратегик ҳужжатни янада такомиллаштиришда жамоатчилик фикри ва қўллаб-қувватлаши жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро Амир Темур бобомиз “Темур тузуклари” асарида таъкидлаганидек, “Яна тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси орқасида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир”.

Иккинчидан, тараққий этган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ислоҳотларнинг янада мукаммал ва самарали натижа беришида фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги жуда ҳам зарур.

Учинчидан, донишманд халқимизнинг “Етти ўлчаб – бир кес” деган мақолидан хулоса чиқарадиган бўлсак, амалга ошираётган ишларимизда халқимизнинг муносабати қанча кўп бўлса, олиб бораётган ишларимиз шунча мустаҳкам ва самарали бўлади.

Бу йилги Фармон ва Давлат дастурини танишиб чиқар эканмиз, “Беш ташаббус” олимпиадаси 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида ўтказилиши белгиланиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ишларимизни янада кучайтиради. Сабаби, шу вақтга қадар олимпиада маҳалла ва таълим муассасаларини қамраб олган эди.

Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши, “Ёш тадбиркор” танлови ўтказилиши ва ғолибларни муносиб рағбатлантирилишини қўллаб-қувватлаймиз. Мана шу бандга мамлакатимиз аҳолисини 60 фоизга яқинини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 50 фоизини ёшлар тадбиркорлигига йўналтиришни таклиф этамиз.

Фармоннинг 5-бандида 2024 йил 1 мартдан бошлаб “ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳасини жорий этиш вазифаси белгиланган. Бугунги кунда ахборот технологияларга ёшларимизнинг қизиқиши юқорилигини инобатга олиб, “ҳар бир маҳалладан беш нафар дастурчи” деб ўзгартиришни таклиф этамиз.

12-банд бўйича тадбиркорларни мактабларга ҳомийликка йўналтириш тадбирларини кучайтириш, мактабга инвестицияни жалб этиш бўйича “Мактаб фидоийси” (кўкрак нишони, акцияси, танлови) тизимини жорий этиш ва бу тизимда ғолиб бўлганларга имтиёзларни жорий этишни таклиф этамиз.

Фармоннинг 27-бандига қўшимча тарзда “Автомобилсиз кун” лойиҳасини амалга оширишда шу куни жамоат транспортида йўл кира ҳақини 50 фоиз этиб белгилаш керак. Ана шунда шу лойиҳа самарали бўлади. Чунки реал ҳолатда бу лойиҳани амалга оширишда кўпчиликни йўл харажатлари қизиқтиради. Чунки, манзилга етиб олишда битта транспортдан фойдаланадиганлар бу лойиҳада фаол иштирок этиши мумкин. Лекин, 2 ёки 3 та транспорт орқали манзилга етиб бориладиган ҳолатда, ўзининг автомашинасида боришни афзал кўриб, лойиҳада иштирок этмасликни афзал кўриш мумкин.

29-банд бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини хизмат вазифасига ҳудуддаги мактабда яратилган шароитларни яхшилаш, мактабга ҳомийларни жалб этиш, мактаб битирувчиларини иш билан таъминлаш йўналишидаги ташаббусларини рағбатлантириш тизимини жорий этишни таклиф этамиз. Бу ишларни амалга ошириш орқали жадид боболаримизни олиб борган ишларини давом эттирган бўламиз.

Давлат дастурининг 7-мақсади олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш қисмидаги 16-банд “Таълим тизимини халқаро меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, технологик жараёнларга мос ташкил этиш, олийгоҳлардаги таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш” бўйича ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлашда мутахассисликка оид иш берувчи ташкилотлар билан келишган ҳолда чоп этишни тавсия этамиз. Бунинг натижасида профессор-ўқитувчилар иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорлиги мустаҳкамланади.

Бандда келтирилган Бакалавриатдаги таълим тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва мазмун жиҳатидан яқин бўлган йўналишлар бирлаштирилиб, замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш вазифасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Давлат дастуридаги олий таълим тизимига оид 14-19-бандлардаги вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва мазкур вазифаларни амалга оширишда фидоийлик ва масъулиятлилик билан амалга оширамиз.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси муҳокамаси 2024 йил 9 февралга қадар давом этади.

Барча юртдошларимиз, ҳамкасбларимиз ва тенгдошларимизни Янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ва эртанги кунини бунёд этишдек шарафли вазифани амалга ошириш ва 2024 йилнинг асосий стратегик ҳужжати қабул қилинишида сиёсий маданиятимиз ва фуқаролик позициямизни кўрсатиб, муҳокамада фаол иштирок этишга чақириб қоламиз.
Ўткиржон РАЖАБОВ,
Фарғона давлат университети Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер