Жамоатчилик эътирозлари қанчалик ўринли?
“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда фуқаролар ва хорижий сайёҳлар томонидан учувчисиз учадиган аппаратлар олиб келинганда, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши ва процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши интернет тармоғида жамоатчиликнинг айрим мунозараларига сабаб бўлмоқда.
Қонун лойиҳаси ташаббускорларининг айтишича, лойиҳанинг қабул қилиниши учувчисиз учадиган аппаратларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ва ундан фойдаланишнинг ўрнатилган тартиб қоидаларини ўзгартирмаган ҳолда, жамоатчилик ўртасида юзага келаётган эътирозли кайфиятни юмшатиш имкониятини яратади.
Бинобарин, мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш ҳаракатларини содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи 1854-моддаси билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 2444-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритиляпти.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича қатор таклифлар берди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг