Жамият оғриқлари учун аниқ “ташхис” керак

18:04 11 Октябр 2023 Жамият
377 0

Фото: “Халқ сўзи”

Дарахтдан бемаврид узилиб, хазон бўлган япроқ табиат учун қанчалик қайғули бўлса, билиб ёки билмай жиноят кўчасига кирган инсоннинг тақдири жамият учун шунчалик оғриқлидир...

Агар бирор-бир касаллик ўз вақтида даволанмаса, у ҳар қандай соғлом организмни нобуд қилади. Жиноятчи масаласида ҳам шундай иборани ишлатиш мумкин: эътиборсизлик ва лоқайдлик сабаб у кенг қулоч отади, бу қилмишларининг касофати эса нафақат ўзи ёки оиласи, бутун бошли жамиятнинг тинч ҳаётига рахна солади.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 июль куни Фарғона шаҳрида Президентимиз раислигида ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда бугунги куннинг энг оғриқли масалалари очиқ-ошкора таҳлил этилди, масъулиятсизлик қилган раҳбарларга кескин чоралар кўрилди ҳамда бу борадаги муаммоларни ислоҳ қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Айни пайтда Фарғона вилояти ҳокимлиги, ИИБ, прокуратура ва бошқа тегишли масъул идоралар ҳамкорлигида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида кенг кўламли саъй–ҳаракатлар олиб борилмоқда.    

— Оила ва хотин-қизлар тизимида топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 20 банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди,—дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари —оила ва хотин–қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова. — Унга мувофиқ, дастлаб вилоятдаги 1 минг 62 та маҳаллада фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиалида ўқув семинарлари ташкил этилди.

Сўх, Фурқат, Қўштепа ҳамда Ёзёвон туманларидаги 28 та МФЙда ижтимоий ҳимояга муҳтож 500 нафар аёлларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш ишларига киришилди. Тадбиркорлик қилиш ва фаолиятини кенгайтириш истагидаги 261 нафар ҳунарманд хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди.

Оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда оила қуриш арафасидаги йигит-қизларнинг оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича 16 соатдан иборат ўқув курслари қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари қошида “Оила маслаҳатхона”лари ташкил этилиб, масъуллар бириктирилди.

Жиноятчилик кўрсаткичи оғир бўлган Қўқон шаҳрида “Аёл ва жамият” лойиҳаси ташкил этилиб, 73 та МФЙда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, психологлардан иборат маърифат тарғибот гуруҳлари шакллантирилди.

Ички ишлар, соғлиқни сақлаш органлари ва маҳалла томонидан назоратга олинган оилалар ва хотин-қизларни ижтимоий, иқтисодий ва маиший муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш мақсадида вилоят ишчи гуруҳи тузилди. Аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича 2,8 минг нафар ишсиз хотин-қизларнинг аниқ рўйхати тузилди. Ҳозирда 7,2 минг нафар хотин-қизлар ўқиш ва ишлаш мақсадида чет элга чиқиб кетганлиги аниқланди ва улар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Фарғонада 14-30 ёшлилар 1 миллион нафардан зиёд бўлиб, улар уч тоифага ажратиб чиқилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир ёшга аниқ “ташхис” қўйилди.

Шу тариқа вилоятда тарбияси оғир ва алоҳида ишлашга муҳтож қарийб 31 минг нафар йигит-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Шунингдек, пробация рўйхатида турувчи 1 минг 932 нафар, профилактика ҳисобидаги 1 минг 722 нафар навқирон авлод вакиллари билан янгича усулда ишлашга киришилди.

Маълумки, ўша учрашувда давлатимиз раҳбари Қўқон шаҳри жиноятчилик ҳолати бўйича нафақат вилоят, балки мамлакат миқёсида салбий кўрсаткичга эга эканлигини таъкидлаган эди.

Ўтган қисқа даврда Қўқон шаҳрида олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида жиноятлар сони камайишига эришилди. Бу ҳақда куни кеча шаҳарда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган навбатдаги тадбирда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал – майор Азизбек Икрамов маълум қилди.

Юзма – юз мулоқотда ҳали жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўп эканлиги таъкидланиб, тегишли идоралар раҳбарлари иштирокида фуқаролар хавфсизлиги, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят содир этишга мойил шахслар билан тизимли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини изчил равишда таъминлаб боришга келишиб олинди.

          Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер