Жалақудуқда обод манзиллар сони янада ортмоқда

15:33 03 Ноябрь 2022 Жамият
746 0

Фото: Халқ сўзи

Жойларда олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, одамлар кайфиятини яқиндан ўрганиш мақсадида бу гал Андижон вилоятидаги Жалақудуқ туманида бўлдик. Сафаримиз чоғида суҳбатдошларимиздан бири, жалақудуқлик меҳнат фахрийси Акбар Эгамбердиевнинг мана бу сўзлари диққатимизни тортди: «Яқин-яқинларда ҳам телевизорда шаҳарларимизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини кўриб, дунёга юз тутаётган мамлакатда яшаётганимиздан ғурурланиб қўярдик, аммо бундай ўзгаришлар бизнинг ҳам қишлоққача етиб келишига кўзимиз етмасди. Гўёки қишлоққа чанг кўчалар ва таъминотдан узилган электр энергияси «бобомеросдек»... Бугун эса қишлоғимизга янги ҳаёт кириб келди. Қаранг, шундай равон, кенг, туни билан чароғон кўчаларимиз қишлоққа қандай ярашиб турибдия!»

Хуллас, Жалақудуқнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлмиш «Бештол» маҳалла фуқаролар йиғини сари йўл олдик. 3 ярим мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи ушбу манзил «Обод қишлоқ» давлат дастурига киритилгач, ҳақиқий бунёдкорлик майдонига айланибди. Қай бир кўчага бурилманг, қурилиш ишларига гувоҳ бўласиз. 73-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабидаги қайта таъмирлаш ишлари билан танишиш жараёнида Жалақудуқ туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Акромжон Комиловни учратдик.

— Ушбу мактаб аслида 400 ўринли эди, — дейди А. Комилов. —Ҳозирда «Зиё нур элит» корхонаси томонидан 8 млрд. 700 млн. сўмлик лойиҳа асосида мактабнинг мавжуд иккита биносида мукаммал таъмирланди. Эндиликда 170 ўринли 2 қаватдан иборат янги ўқув биносини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Масканда хоналар етишмаслиги боис ўқувчилар икки сменада ўқир эдилар. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган, турли фанларга мослаштирилган синф хоналари, спорт зали, ошхона, кутубхона каби қулайликларга эга бўлган мактаб биносида ўғил-қизларнинг замон талаблари асосида таҳсил олишлари учун барча шароит яратилади.

Маҳаллада ички кўчаларни таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳозирга қадар 5 километрдан ортиқ масофага асфальт ва бетон қоплама ётқизиш ишлари бошлаб юборилган.

— Энди ёғин-сочинли кунларда кўчаларимизда лойга ботмай юришимизга ишонгимиз келмаяптию, аммо бу амалга ошди, — дейди бештоллик Зилолахон Ҳакимова. — Авваллари куз келди дегунча қўшнилар ўзаро бирлашиб кўчамизни шағаллардик. Баҳорга етмай, барибир лой кечишимизга тўғри келарди. Эндиликда бундай ташвишлар ортда қолди. Сабаби, айтишларича, бетон қопламаси 10-15 йилгача хизмат қилар экан.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилашда тоза ичимлик суви таъминотининг аҳамияти жуда катта. Бироқ «Бештол»да шу пайтга қадар сув таъминоти кўнгилдагидек бўлган, дея олмаймиз. Қишлоқ аҳли қўшни қишлоқдаги сув қудуғидан фойдаланишга мажбур эди. «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида 2 дона сув қудуғини қазиш ва 12,5 км узунликда янги ичимлик суви тармоғини тортиш ишларига киришилгач, бу муаммо ҳам ортда қола бошлади. Бунинг учун «Фахриддин Жалабек юлдузи» МЧЖ томонидан 770 млн. сўмлик лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда.

— Ҳозирда сув қурилиши билан боғлиқ бунёдкорлик ишлари 60 фоизга бажарилди, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ бўлим бошлиғи Марҳабохон Насриддинова. — Лойиҳа ишлари якунига етгач, 3 минг нафардан зиёд аҳолининг сув таъминоти янада яхшиланиб, юзлаб маҳалладошлар илк бор ичимлик суви билан таъминланадилар. Сув етказиб беришдаги шаффофлик ва барқарорликка эришиш учун сув жўмраклари ҳар бир хонадоннинг ичига сув ҳисоблаш ускунаси билан ўрнатилмоқда. Бу оилалардаги турмуш шароитини яхшилаш билан бир қаторда молиявий манфаатларини ҳам ҳимоя қилади. Боиси, сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатилганда фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўлов миқдори деярли беш баробарга камаяди.

— «Сувданку, ташвишимиз ариди, электр энергиясидаги узилишларга ҳам барҳам берилса, яхши бўларди», деб турган эдик, бирдан эски симёғочлар бетон устунларга алмаштирила бошланди, — дейди қувончини яшира олмаган меҳнат фахрийси Оминахон Остонақулова. — Авваллари салгина шаббода эсса ёки ёмғир ёға бошласа, бутун қишлоқни зулмат қопларди. Бир неча кунлаб электрсиз ўтирган пайтларимиз бўлган. Энди бўлса, қишдан ҳам хавотир олмасак бўлаверади. Бир сўз билан айтганда, шаҳарникидан қолишмайдиган шароитга эга бўлаётганимиздан хурсандмиз.

Дарҳақиқат, айни дамда ҳудудда 3 та электр трансфарматори, 50 та темир бетон таянчларини ўрнатиш, 3 км электр симини тортиш ишлари олиб борилмоқда экан. Аҳамиятлиси, бу каби хайрли ишлар газ таъминоти йўналишини ҳам четлаб ўтмабди. Манзилдаги мавжуд 714 та хонадоннинг табиий газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида 2,7 км газ тармоғи тортилиб, 32 та оилага суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилибди.

— Биргина «Бештол»да эмас, «Дўнгқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бундай янгиланишларга дуч келасиз, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Акромжон Комилов.  «Дўнгқишлоқ»даги 720 та оила учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 8 км ички йўлни таъмирлаш, 12 км ичимлик сув тармоғини тортиш ва 2 та янги сув қудуғини ўрнатиш, 1 дона электр трансфарматори ҳамда 140 та темир бетон таянчларни ўрнатиш, 10 км электр симини тортиш ишлари бажарилмоқда. Бундан ташқари ҳудудда таълим, тиббиёт, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирларига ҳам алоҳида аҳамият қаратиляпти.

Акромжон Комиловнинг яна урғу беришича, Жалақудуқда одамларни рози қилиш, замонавий инфратузилмани яратиш мақсадида рўёбга чиқарилаётган бундай саъй-ҳаракатлар қарийб барча қишлоқни қамраб олган. Демак, жалақудуқликлар ҳаётида янги саҳифа очилмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Ишонинг, Жалақудуққа келсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер