Жаҳон бозорига ҳар йили 1 миллион долларлик қуритилган мевалар экспорт қиладиган хонадон
Бешариқ тумани азалдан боғдорчилик соҳасидаги миришкорлиги билан машҳур. Айни пайтда туманда 3 минг 300 гектардан ортиқ мевали боғлар мавжуд. Кейинги йилларда эски ва самарасиз боғлар ўрнида 1000 гектардан зиёд интенсив боғлар ташкил этилди.
Бугунги кунда туманда мева-сабзавот экспортига ихтисослашган 4 та йирик экспортёр корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда Фарғона вилояти бўйича табиий усулда қуритилган мевалар экспортининг 30 фоизи ушбу туман ҳиссасига тўғри келиши ҳам ана шу каби замонавий ёндашувлар самарасидир.
Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраевнинг қайд этишича, жорий йилда ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун эса имконият ва салоҳият етарлидир.

Туманнинг “Узун” МФЙдаги Рустамжон Узоқовлар хонадонида табиий усулда қуритилган мевалар, хусусан, бодом ва ўрик баргаги қадоқланган ҳолда хориж бозорларига экспорт қилинади. Шунингдек, помидор томати, узум баргидан тайёрланадиган коватак маҳсулотлари ҳам аллақачон ички бозорда ҳамда хорижда харидоргир бўлиб улгурган.
Эътиборлиси, ушбу хонадонда ўтган йили 250 тонна помидор томати ва 8 тонна узум коватак экспорт қилинди. Йиллик экспорт ҳажми эса 1 миллион долларга яқинлашди. Бу йилги мақсад 1 миллион долларлик довондан ошишга қаратилган.

Оила бекаси Муаттар Узоқованинг маълум қилишича, бу фаолият орқали маҳалла хотин-қизлари учун 5 та доимий иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, тадбиркор оила асаларичилик ва паррандачиликни ҳам йўлга қўйган. Яқинда замонавий инкубация ускунаси олиб келиниб, саноат усулида наслли жўжа очириш ҳамда сотишга киришилди.
Айтиш жоиз, бугунги кунда “Узун” МФЙдаги 962 та хонадонда қарийб 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йил давомида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 40 та микролойиҳа амалга оширилган бўлса, жорий йилда истиқболли лойиҳалар салмоғини 50 тадан ошириш режалаштирилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг