Юз билан юзлашган момо
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Бу баҳор юз билан юзлашган Саломат момо Амированинг Пастдарғом туманидаги Катта Найман маҳалласида ҳурмати баланд. Умрининг мазмунини меҳнатдан топган момо ёмон яшамади. Пахта далаларида ишлади. Ҳалоллиги ва меҳнатсеварлиги туфайли эл-юрт назарига тушди. Саккиз марта туман ва вилоят Кенгаши, бир марта Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлигига сайланди. Ўзиям исми жисмига мос, ҳалиям бардам-тетик. Маҳалла-кўй тўйларида кайвони. Қиз-жувонларга панд-насиҳатлар қилиб, шу кунларга етказганига шукр қилиб яшамоқда.
— Болалигим бир бурда нон ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган даврга тўғри келади. Бир туюр буғдой топилса, шунинг ўзи байрам эди. Ўша пайтларда одамлар очликка чидамай кунжара еб, шишиб ўлганини ҳам кўрганман, — дейди Саломат момо. — Оғзимиз тутга етишса, шунга қувонардик. Кейин ўрикнинг олди пишарди, олма, узум деганларидек... Қўшни қизларга қўшилиб, қора тол баргакларини сочимизга жамалак қилиб ўрардик. Бектош ўйнаб қувнаганларимиз, пахтадан ясалган пиликни мол ёғига ботириб ёққандаги уйнинг ним ёқтисида бўладиган китобхонликлар ҳамон эсимда. Ҳозир бу тошчироқларни ҳеч ким ишлатмайди. Ҳамма жойда электр чироғининг чароғон нурлари порлаб турибди. Шунча йил тирикликдан топган хулосам шуки, иймоннинг ҳам икки қаноти бўларкан. Булар сабр ва шукур. Ёруғ кунларга фақат сабр билан етдим.
Саломат момо ҳозир тўқчилик, лекин томорқасига бирор нарса экишни билмаган одам тўқ бўладими? Томорқага беш тупгина эрта пишар олма ёки тут экса ҳам бутун маҳалла шундан баҳраманд бўлади, дейди. Момодаги саранжом-саришталик, мулойимгина мулозаматни кўриб, юрагингиз тўлқинланади. Меҳнат, ҳалоллик, меҳр-оқибатдан иззат ва ҳурмат топган момонинг юзларидан доим нур ёғилиб турсин. Ҳар куни Наврўз бўлсин!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг