Ёзёвонда ёшлар сайли ўтказилди

17:14 04 Апрель 2023 Жамият
841 0

Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани марказий истироҳат боғида «Ўзбекистон – ёшлар мамлакати» шиори остида ёшлар сайли бўлиб ўтди.
 
Тадбир доирасида туман ёшлари иштирокида «Ибрат фарзандлари», «Сиз кутган меҳмон» каби лойиҳалар, «Конституция билимдони» викторинаси, маҳоратли спортчилардан маҳорат сабоқлари ҳамда шахмат-шашка, камондан отиш бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.

Истироҳат боғига кираверишда 80 ўринли мобиль кино уйи ўрнатилиб, тадбир иштирокчиларига бепул кинофильмлар намойиш этилди.

Шунингдек, туманда “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” шиори остида ўтказилган тарғибот тадбири ҳам йиғилганларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Байрам тадбирида илм-фан, спортнинг турли йўналишларида ғолиб бўлган туман ёшларига Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов пул мукофоти, диплом ҳамда эсдалик совғаларини топширишди.

Стадионга ўрнатилган саҳнада олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари Конституциямизга киритилаётган янгилик ва ўзгаришлар моҳиятини шарҳлаб беришди. Эл суйган актёру актрисалар, хонандалар ўзларининг Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари билан барчани хушнуд этишди.

 - Бугунги кунда тенгдошларимиз турли соҳаларда ўз истеъдодларини намоён этиб, улкан ютуқларни қўлга киритишмоқда,-дейди ёзёвонлик ёш ижодкор Қобилжон Шерматов. – Хусусан, кейинги йилларда бир неча шеърий китобларим бепул нашр этилиб, мамлакатимиз бўйлаб таълим муассасалари ва кутубхоналарга етказиб берилди. Ўтган йили республика кўрик-танлови ғолиби сифатида муносиб тақдирландим.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер