“Ёшлик” замонавий стадионга айланади
Фото: "Халқ сўзи"
Тўрақўрғон шаҳридаги “Ёшлик” стадиони узоқ йиллар давомида футбол ишқибозларининг севимли маскани бўлиб келган. Ўз даврида шу номдаги жамоа нуфузли мусобақаларда юқори ўринларни забт этиб, шон-шуҳрат қозонган.
Бироқ, кейинги йилларда бу маскан таъмирталаб ҳолга келди. Энди у Президентимизнинг “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мукаммал таъмирланади. Бунинг учун республика бюджетидан 4 млрд. 600 млн. сўм, маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилган. Амалий ишлар бошланиб, ҳозиргача очиқ сув ҳавзаси ва маъмурий бинолар, кийим алмаштириш хонаси, душхона ва бошқа бир қатор объектлар соз ҳолатга келтирилди.
2024 йилнинг дастлабки ойида иш янада жадал тус олди. Навбат ўйингоҳнинг томошабинларга мўлжалланган ўриндиқларини замонавийсига алмаштириш, машғулотларни кузатиб бориш учун катта монитор ўрнатиш ва спортчиларга ётоқхона ташкил этишга қаратилган.
“Ёшлик”да таъмирлаш ниҳоясига етгач, имкониятлар янада кенгаяди. Ўйингоҳ яқин вақт ичида вилоятнинг “Навбаҳор” жамоаси учун “фанклуб”, яъни, футболчилар тайёрлайдиган маскан сифатида фаолият олиб боради.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг