Ёшларга ғамхўрлик — энг улуғ мукофот
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида истиқомат қилувчи Эштурди Раҳимов ёшлар камолотига, жамият фаровонлигига катта ҳисса қўшиб келаётган нуроний инсон. Отахон ёшлар билан ишлашда чуқур мулоқот, амалий ёрдам, ҳаётий маслаҳатлар беришга ҳаракат қилади. «Ўн нафар ёшга бир нуроний» лойиҳаси доирасида у ўзига бириктирилган ёшлар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларни ҳаётга тайёрлаш, маънавий-ахлоқий тарбиясини мустаҳкамлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига ёрдам бериб келмоқда.
—Бугунги кунда Нуробод туманида 44 432 нафар ёш йигит-қиз истиқомат қилади,— дейди отахон. — Улардан 466 нафари уюшмаган тоифадаги ёшлардир. Айнан шу тоифадаги ёшлар билан иш олиб боряпмиз. Ўғил-қизларимизни ижтимоий ҳаётга жалб қилишдек анчайин мураккаб вазифани зиммамизга олганмиз. Бир ҳунарнинг бошини тутишга ундаш орқали фарзандларимиз қалбида меҳнатга иштиёқни шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз.Албатта, ҳунарли бўлиш уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади.

Туманда 2017 йилда барпо этилган муҳташам «Нуронийлар маскани»да кутубхона, дам олиш, даволаниш ва жисмоний тарбия заллари, ўйин майдончалари мавжуд бўлиб, у фақат нуронийлар учун эмас, балки ёшларнинг сабоқ олиши, маънавий дунёқарашини бойитиши учун ҳам хизмат қилмоқда. Бу ерда ташкил этилган «Нуронийлар маслаҳати» гуруҳи ижтимоий барқарорликни сақлаш, оилалар муаммоларини бартараф этиш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни яратишга катта ҳисса қўшмоқда. Охирги йилларда 70 дан ортиқ ажримларнинг олди олингани, 160 дан зиёд оилада соғлом муҳит тиклангани бунга мисол бўла олади.
Эштурди Раҳимов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони ва III даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган бўлиб, бу ютуқлар ортида ҳалол меҳнат, сабр, фидойилик ва юксак инсонийлик ётади. Айниқса, ёшлар билан ишлашдаги фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ.
Шундай дуогўй кексаларимиз бор экан, ёшларимиз тўғри йўлдан сира адашмайди. Зеро, ўғил-қизларга елкадош ва ғамхўр бўлишнинг ўзи энг улуғ мукофотдир.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг