Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 30 фоиз ошган

19:01 10 Ноябрь 2020 Сиёсат
2559 0

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг етти ойи давомида республика бўйича ёшлар томонидан 5 914 та жиноят содир этилган бўлиб, бу жами жиноятларнинг 22,5 фоизини ташкил қилади. Олиб борилган ўрганишлар ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошганини кўрсатмоқда. Шу вақт мобайнида 464 нафар вояга етмаган шахслар томонидан 401 та жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоизга ошган.

Бу рақамлар, кўрсаткичлар ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Шунингдек, бу борада ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини, уларнинг бошқа вазирлик ва идоралар, айниқса, таълим муассасалари, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш ҳам муҳимдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2020 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожоновнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, 2020 йилнинг 9 ойида ички ишлар органлари томонидан манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда профилактик-огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилган. Жамоат тартибини бузган, тарбияси oғир, таълим муассасаларидаги дарсларга сабабсиз қатнашмайдиган, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ёки содир этган, ўзбошимчалик билан оиладан ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан кетиб қолган, адашган ёки қаровсиз қолдирилган 38 671 нафар вояга етмаган шахслар ички ишлар органлари таянч пунктларига келтирилиб, улар билан якка тартибдаги профилактик ишлар амалга оширилган. Хусусан, ота-онаси қаровисиз, назоратисиз қолган, ижтимоий- ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 2662 нафар вояга етмаганлар «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказ»ига жойлаштирилган.

Ёш авлод тарбиясида оиладаги муҳитни тўғри ташкил этиш, ота-оналар масъулиятини ошириш муҳим саналади. Вазир жавобида фарзандларини парваришлаш, тарбиялаш борасидаги мажбуриятини бажармаётган 5092 нафар ота-онага нисбатан тўпланган ҳужжатлар жойлардаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юборилиб, тегишли таъсир чоралари кўрилгани қайд этилди. Хусусан, ота-оналарнинг 2 140 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 14 нафари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, 3976 нафар ота-она ички ишлар органлари профилактик ҳисобига киритилиб, улар билан якка тартибдаги профилактик ишлар олиб борилиши белгиланган.

Соҳада олиб борилган тизимли ишлар натижасида тузалиш йўлига кирган, соғлом турмуш тарзига қайтган 2887 нафар вояга етмаганлар ҳамда 3949 нафар ота-она ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқарилган.

Вазир жавобида қайд этилишича, ички ишлар органлари томонидан «Ёшлар ойлиги» доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқаролик позициясини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил қилишда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида «Генерал ва ёшлар» учрашувлари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олинган 2 968 нафар ҳамда якка тартибда профилактика иши юритилишига олинган 3 401 нафар вояга етмаганларнинг 51 нафари ишга жойлаштирилган, 1 696 нафари ўқишга қайтарилган, 2 775 нафарини турли спорт тўгаракларига, 2 300 нафари факультатив тўгаракларга жалб этилиши таъминланган.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қаратилган кенг имкониятлар яратиб берилаётган бўлишига қарамай, айрим йигит-қизлар наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир этиши ва гиёҳвандлик йўлига кириб кетиш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир. Парламент сўровига жавобда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилаб, амалиётга татбиқ этаётгани таъкидланди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, парламент сўровига юборилган жавоб депутатлар томонидан маълумот учун қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер