«Ёшлар куни» муносабати билан тдауда очиқ мулоқот ва касбий-маданий ушрашув ташкил этилди
Бугун Тошкент давлат аграр университетига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ташриф буюрди. Меҳмонларни университет ректори Нарзулло Обломуродов кутиб олди.
Дастлаб талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлашда фаол иштирок этаётган «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида ёшлар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, университет ҳудудида тартиб-интизомни сақлашда талаба-кўнгиллиларнинг ўрни ва уларга яратилган шароитлар ўрганилди.

Жараён давомида университет ҳудудида ташкил этилган илмий ишланмалар кўргазмаси билан яқиндан танишилди. Шу билан бирга, ёшлар томонидан стартап лойиҳалар тақдим этилди, хусусан: инновацион агрономия, экологик муаммолар ечими ҳамда асаларичилик йўналишидаги стартаплар алоҳида тақдимоти ўтказилди. Раҳбарлар факультетлар – боғдорчилик, ўрмончилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ветеринария, ипакчилик ҳамда озиқ-овқат технологиялари томонидан олиб борилаётган илмий лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Учрашув доирасида университетга бириктирилган маҳаллалар ёшлари, умумтаълим мактаблари директорлари, университетнинг иқтидорли талабалари, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ва мактаб битирувчилари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди. Халқаро тил ўргатувчи малакали ўқитувчилар ёшларга хорижий тилларни ўрганиш, глобал таълим имкониятларидан фойдаланиш ва замонавий касб ҳамда кўникмаларни эгаллаш юзасидан тавсиялар берди.

Иштирокчилар университет ҳудудида барпо этилган замонавий «Ренессанс» маърузалар мажмуаси билан танишиб, ундаги шароитлар ва илғор таълим инфратузилмасини кўздан кечирди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси музейига ташриф буюрилиб, аграр соҳанинг тарихий ривожи, илмий ютуқлари ва инновацион йўналишлари ҳақида батафсил маълумот олинди.
Шу билан бирга, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида университет ҳудудида дарахт экиш маросими амалга оширилди, арча кўчатлари экилиб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга ҳисса қўшилди.

Жараён давомида «Олтин Қанот» клуби аъзолари ва талаба-ёшлар томонидан яратилган асарлар меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Талабаларнинг чизган расмлари ва техникум талабалари лойиҳалари юқори баҳоланди. Университет Бош биносида «Она» сиймоси атрофида шеърлар ва жонли қўшиқлар ижро этилди, Бўстон ансамбли миллий куй ва наволар билан тадбирга ранг-баранглик қўшди.

Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанбаси «Ёшлар куни» деб белгилангани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева ҳамда университет ректори Нарзулло Обломуродов иштирок этди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда савол-жавоблардан сўнг, илм-фан ва жамоат ишларида ўзини кўрсатган бир гуруҳ фаол талабалар муносиб тақдирланди.
Бугунги учрашув ва тадбирлар ёшлар билимини ошириш, уларнинг ижодий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, жамиятда фаол ва масъулиятли фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг