Ёшлар ҳаётининг энг жўшқин ва дилбар даври

18:44 31 Январь 2024 Жамият
395 0

“Талабалик – олтин даврим”, деган ибора бор. Чиндан ҳам талабалик ёшлар ҳаётининг энг дилбар, жўшқин ва айни пайтда муайян қийинчиликларда тобланиш, ўз салоҳиятига эга бўлиш даври.

— Университетимизнинг Талабалар турар-жойида “Энг намунали хона” ва “Энг яхши қават” танловини ўтказдик, — дейди Навоий Давлат кончилик ва технологиялари университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жамолиддин Назаров. — Танлов ғолибларини аниқлашда талаба ихтиёридаги хоналарнинг саришталиги, шахсий кутубхонаси ва унинг мундарижаси, бадиий адабиётлар, хонаки гуллар, енгил спорт анжомлари мавжудлиги инобатга олинди. Унинг якуни билан ўғил болалар ва қизлар ўртасида “энг намунали хона” соҳиблари ва “энг яхши қават” эгалари аниқланиб, ректорат томонидан рағбатлантирилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, университетда бугунги кунда уч минг нафардан ортиқ талаба ёшлар кундузги тартибда таҳсил олишиб, уларнинг 700 нафари Талабалар турар-жойларида истиқомат қилишади. Яқинда университет ҳудудида 400 ўринли 5 қаватли давлат хусусий шерикчилик асосидаги янги ётоқхона қуриб битказилиб, шу кунларда уни фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилмоқда.

— Университетимиз маъмурияти мазкур танлов самарасидан келиб чиқиб, уни ижара асосида яшаётган талабалар ўртасида ҳам ўтказишни мақсадга мувофиқ, деб топди, — дейди НДКТУ матбуот хизмати раҳбари Озодбек Мустафоев. — Мазкур тадбир ижара шартномаси асосида талаба ёшларимизни ўз бағрига олган хонадон соҳиблари учун ҳам ўзига хос синов бўлиши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер