«Янгиқишлоқ»да янги ўзгаришлар
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги «Янгиқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари шу пайтга қадар эски, ҳеч бир қулайлиги йўқ, кўримсиз бинода ишлашга мажбур бўлиб келаётган эди. Энди эса уларнинг бу машаққати ариди. Бугун бу ерда замонавий қиёфадаги маҳалла биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бинода маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори учун алоҳида жиҳозланган хоналар ажратилган. Шунингдек, маҳалла фаолларидан бири Ҳафиза Турсунованинг ташаббуси билан бино қошида кутубхона ҳам очилди. Айни пайтда кутубхонада 2 мингга яқин адабиётлар жамланган бўлиб, китоб фондини бойитиш, маҳалла аҳолисининг барча қатлам вакилларини китобхонликка жалб этиш чораларига киришилган.
Янгиқишлоқликлар учун қувонч қўшалоқ бўлди. Гап шундаки, «Янгиқишлоқ» ва «Урганжи» МФЙ аҳолисини кўп йиллардан буён кўприк муаммоси қийнаб келаётган эди. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташаббуси, вилоят ва туман ҳокимликларининг ёрдами билан бу муаммога ҳам ижобий ечим топилди.
Шундай қилиб, икки қишлоқни боғлаб турувчи 150 метр узунликдаги янги кўприк барпо этилди. Бунинг учун 3 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг