Янгиликларга бой мулоқот майдони

11:26 05 Апрель 2018 Иқтисодиёт
2081 0
Фото: allevents.in

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Озиқ-овқат саноати — WorldFood Uzbekistan — 2018” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим мулоқот майдони. Мамлакатимизда ўтказилиб келинаётган халқаро кўргазмаларга шундай таъриф берсак арзийди. Зотан, бундай тадбирлар орқали нафақат янги маҳсулот ёки асбоб-ускуналар намойиш этилаяпти, балки саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқалари мустаҳкамланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хорижий ишбилармонлар билан ҳамкорлик ўрнатишига қулай муҳит яратилмоқда.

“Ўзэкспомарказ” мажмуасида бўлиб ўтаётган “Озиқ-овқат саноати — WorldFood Uzbekistan — 2018” халқаро кўргазмаси ҳам шундай муҳим форумлар сирасига киради.
Ўн саккизинчи бор ташкил этилган мазкур халқаро кўргазмада Австрия, Беларусь Республикаси, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Испания, Италия, Россия, АҚШ, Туркия, Франция каби давлатларнинг 200 дан зиёд компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.

Халқаро кўргазмадан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришда, қайта ишлашдаги янгиликларни оммалаштириш, соҳа вакилларини тармоқдаги илғор технологиялар билан яқиндан таништириш, экспорт имкониятларини намойиш этишдир.

— Чиндан ҳам, мазкур кўргазманинг биз, ишлаб чиқарувчилар учун фойдали томонлари жуда кўп, — дейди пойтахтимиздаги “Sladus Produce” масъулияти чекланган жамияти вакили Муҳиддин Имомалиев. — Нега деганда, бу ерда, аввало, дунё озиқ-овқат саноатидаги ўзгаришлардан, қўлланилаётган илғор ишланмалардан хабардор бўламиз. Қолаверса, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни сотиш учун харидорлар, ишончли шериклар топишда ҳам унинг аҳамияти юқори.

2010 йилда асос солинган корхонамиз қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда дастлаб 50 киши меҳнат қиларди. Ҳозир эса жамоамиз аъзолари сони 150 нафардан ошди. Маҳсулотимиз тури ҳам, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам йил сайин кўпаймоқда. Бунда, табиийки, ушбу халқаро кўргазманинг аҳамияти катта бўлаётир. Яъни ўтган вақт мобайнида кўплаб ҳамкорларимиз билан айни шу кўргазмалар жараёнида келишувга эришдик. Экспорт географиясини кенгайтириб, Осиё, Европа ва Африка минтақасидаги бир қатор давлатлар бозорларига кириб борганимиз ишимизга янада унум бағишлаяпти.

 Таъкидлаш керакки, бу йилги кўргазма дастури ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб туради. Мисол учун, унинг доирасида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатлаш — “Сифат устаси” танлови ўтказилиб, турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш истиқболлари мавзуига бағишлаб ўтказиладиган халқаро форумда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўзаро тажриба алмашади, савдо алоқаларини -мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади.

Туркиянинг “OSC” компанияси томонидан ўтказиладиган картошкачиликка бағишланган семинар ушбу маҳсулотни етиштирувчидан тортиб, қайта ишловчиларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, албатта. Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва савдо тармоқлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича махсус музокаралар майдони яратилгани эса иштирокчилар учун айни муддаодир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзшаробсаноат” АЖ, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан уюштирилган “Озиқ-овқат саноати — WorldFood Uzbekistan — 2018” халқаро кўргазмаси уч кун давом этади.

* * *
Халқаро кўргазмага дунёнинг 26 давлатидан ишлаб чиқарувчилар, тадбиркор ва ишбилармонлар ташриф буюрди.

Ўзбекистон — Беларусь халқаро форуми икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгайишига хизмат қилади.

“Сифат устаси” танловида 30 га яқин маҳсулотлар сифати синовдан ўтказилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер