Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун маъқулланди
Фото: Акмал МУҲАММАДОВ, Юнус БЎРИЕВ / «Халқ сўзи»
Сенат ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу Қонун билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши аниқ белгилаб берилмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт субъектлари қаторига Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси киритилмоқда ҳамда уларнинг қўшимча ваколатлари белгиланмоқда.
Қонунда паралимпия, сурдлимпия, махсус олимпия ва кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир нормалар, спорт федерациялари, клублари ва лигаларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда фаолият юритиш тартиби, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, Қонунда мураббий, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда.
Бундан ташқари, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишга қарши курашиш тўғрисидаги янги нормалар киритилмоқда.

Қонунда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб боришга эътибор қаратилган.
Қонунда давлат томонидан спортчи ҳамда мураббийга бир марталик ва ойлик тўлов шаклидаги қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун соҳани янада ривожлантиришга, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу Қонун билан амалиётда мавжуд ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилади, унда вазирлик ва идораларнинг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг соҳага оид вазифалари аниқ белгилаб қўйилган.
Сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади.
Акмал МУҲАММАДОВ, Юнус БЎРИЕВ
(«Халқ сўзи») олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг