Янги Ўзбекистоннинг обод Уйғурсойи

09:45 06 Октябр 2022 Жамият
666 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятининг Поп тумани марказидан анча узоқликдаги Уйғурсой маҳалласи қисқа вақт ичида қиёфаси бутунлай ўзгариб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилган кўркам масканга айланди. Ваҳоланки, бундан бор-йўғи ярим йил аввал бу ерда яшовчилар ўтган асрнинг эллик-олтмишинчи йилларида қурилган ва узоқ вақт таъмир кўрмагани учун абгор ҳолга тушган кўп қаватли тураржойлар, маданий-маиший бинолардан иборат маҳалламизга қачон сон кирадию, дея деярли умидсизликка тушиб қолган эди. Энди аҳвол бутунлай ўзгарган, эътиборга муҳтож манзил бугун замонавий шаҳарча кўринишида.

Бунёдкорликнинг катта юмушлари тарихга муҳрланади. Янгиланган Уйғурсой ҳам кеча бутун туман аҳлини ўз бағрига чорлади. Кўркамлашган масканнинг очилиш маросимида Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал майор Азиз Икрамов, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят ҳамда туман сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Ростини айтганда ҳаёти қайта жонланиши керак бўлган, сув, электр, табиий газ, йўли муаммога айланган ушбу маҳалланинг бир кун келиб файзли обод шаҳарчага айланишига, ҳатто шу ердагиларнинг ўзи ҳам ишонмасди, — деди вилоят раҳбари.

Ҳаммаси жорий йил бошида вилоят бўйича 28 та шароити оғир ҳудудлардаги маҳаллаларни ривожлантириш бўйича алоҳида Ҳудудий дастур қабул қилиниши билан бошланди. Унга Уйғурсой МФЙ ҳам киритилиб, ичимлик ва оқава суви, электр таъминотини яхшилаш, ички йўллар ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишлари жадал бошлаб юборилади. Бу ерда 23 миллиард сўмликдан зиёд ҳажмда бунёдкорлик тадбирларини бажаришга тўғри келди. Тажрибали қурувчилар, зарур техника воситалари ажратилиб, 10 километр узунликда ички йўлларга шағал тўкилди, 2 километри цемент бетон қопламаси билан янгидан қурилди, бир километр ички йўлга асфальт ётқизилди, 18 километрлик ичимлик сув тармоғи тортилди ва битта сув иншооти қайта реконструкциядан чиқарилди. Бундан ташқари 2,1 километр электр тармоғи янгиланиб, 2 дона қўшимча қувват трансформатори ўрнатилди, 70 дона эскирган таянч устунларни янгиларига алмаштирилди. Кўчалар бўйлаб пиёдалар йўлакчаси барпо этилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 29 та кўп қаватли уйларда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу масалада маҳаллага вилоят ва тумандаги қатор ташкилот ва корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ёрдам қўлини чўздилар.

Ички ишлар вазирлигининг ташаббуси билан 5 миллиард сўм маблағ ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт (wоркоут, волейбол, баскетбол ҳамда футбол) майдончалари барпо этилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Узоқ йиллар давомида қаровсиз қолиб, ачинарли ҳолатга тушган Маданият уйи қайта таъмирланиб, муҳташам Маънавият ва маърифат марказига айлантирилди. Ҳудуддаги оилавий шифокорлик пункти ҳам таъмирдан чиққан. Эндиликда маҳалладаги мактабгача таълим муассасаси ва умумий ўрта таълим мактаби бинолари ҳам капитал реконструкция қилинади.

Уйғурсойдаги хайрли ишларнинг давоми очиқ. Тақдимот маросимида яқин вақт ичида яна 5 миллиард сўмдан ортиқ сармоя йўналтирилиб, аҳолини бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этиш кўзда тутилганлиги алоҳида таъкидланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер