Янги Ўзбекистонинг нурли йўлидаман
Орзу кишини янги марралар ва яхши ҳаёт сари руҳлантиради. Ҳассос шоира ва атоқли жамоат арбоби Зулфия номи билан аталувчи мукофотга лойиқ кўрилиш барча ўзбекистонлик қизлар қатори менинг ҳам орзум бўлиб келган. Кеча Президент қарори ўқиб, бир орзум рўёбига пешвоз чиққанимдан беҳад қувондим. Энг аввало ота-онам табриклади. Қутловлар мактабда — ҳамкасбларим даврасида давом этди. Айниқса, мен меҳнат қилаётган мактабнинг директори Г. Ҳусанова ва мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К. Муродованинг табриги тўлқинлантириб юборди.
Дарҳақиқат, бундан бир неча йиллар аввал мен шу мактабнинг ўқувчиси эдим. Кеча мураббийлик қилган ўқитувчиларим бугун қадрли ҳамкасбларимга айланган. Бир педагог сифатида кейинги йилларда таълимга, айниқса, хотин-қизлар таҳсилига катта эътибор қаратилаётганини мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этишим лозим. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари мамлакатнинг Асосий Қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қатъий белгилангани ҳам мен каби барча соҳа ходимларини руҳлантиради. Янги марралар сари собит бўлишда куч беради.
Зотан, устозлик — шарафли ва машаққатли иш. Инсон ҳаётда қоқилмаслиги, жамиятда ўз ўрнини топиши учун бир устознинг этагини тутиши керак. Шу маънода, мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб, руҳимни кўтариб келган устозим Равшан Омоновга раҳмат айтиб, келгусида бу эътирофни оқлаб, у кишига ўхшаб таълимнинг фидойиси бўлишга ҳаракат қиламан.
Наима АНВАРОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг