Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш – шарафли вазифа

16:54 30 Сентябр 2024 Жамият
288 0

Дунёда касблар кўп. Уларнинг ичида энг шарафлиси ва улуғи, шубҳасиз, ўқитувчи ва мураббийликдир. Қувонарлиси, кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу касб эгалари чинакам маънода ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлмоқда. Шунга монанд равишда ҳар йили Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами ўзгача бир кайфиятда нишонланиши яхши анъанага айланди.

Бу йилги байрам арафасида Президентимиз таълим соҳаси вакиллари билан самимий мулоқот ўтказди. Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қайд этилганидек, бугун барча соҳалардаги ислоҳотлар инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган. Шу сабабли бош мақсади янги замон кишисини, Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш бўлган таълим ва тарбия соҳаси учун бу вазифа алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳаётбахш ислоҳотлар таълимнинг барча бўғини, хусусан, олий таълимда ҳам яққол намоён бўлиб, бундай янгиланиш ва ўзгаришлар профессор-ўқитувчилар фаолияти, талабаларнинг эртанги кун истиқболи йўлида орзу-мақсадларида акс этмоқда. Фарғона давлат университетида ҳам давр талаби ва эҳтиёжи асосида моддий-техник база яхшиланди, меҳнат бозорида рақобатдош мутахассислар тайёрлаш, жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиш энг муҳим устувор вазифалар сирасига киритилди.

Шу мақсадда янги таълим йўналишлари очилди, ўқув дастурлари янгиланди, назарий билимлар ва амалиётни уйғунлаштириш бўйича миллий андоза ҳамда халқаро илғор тажрибалар тобора оммалашиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, таълим даргоҳининг илмий салоҳияти юксалиши, интилувчан ва истеъдодли ўқитувчилар, ёш олимлар шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида меҳнат ва илмий фаолиятим қадрдон Фарғона давлат университети билан боғлиқ. Ҳозирги кунда ҳам она тили ва адабиёт фани бўйича мутахассислар тайёрлаш борасида сидқидилдан фаолият олиб бормоқдаман.

Касб байрамимиз арафасида давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан мукофотланганим узоқ йиллик камтарона фаолиятимга берилган юксак баҳодир. Бундай ишончга муносиб бўлиш учун янада астойдил ишлашдан асло чарчамайман.

Сиддиқжон МЎМИНОВ,

Фарғона давлат университетининг

тилшунослик кафедраси профессори,

“Дўстлик” ордени соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер