Янги маҳалла раислари билим ва малака оширмоқда
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
Хоразм вилоятида жорий йилнинг 1 июлидан 19 июлигача маҳалла фуқаролар йиғинларига янги сайланган раислар учун ўқув-семинар ташкил қилинди.
Урганч давлат университетида ўтказилаётган машғулотларда маҳалла раислари гуруҳларга бўлинган ҳолда бир ҳафталик дастур асосида ўқитилмоқда.

— Машғулотларда маҳаллабай ишлаш тизимининг моҳияти, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, маҳалла раисининг ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори билан ҳамкорликда амалга оширадиган вазифалари хусусида атрофлича тушунчалар берилмоқда, — дейди Урганч шаҳридаги «Маърифатчилар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аминбой Ҳажиев. — Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» билан ишлаш бўйича қўшимча маълумотлар тақдим қилинмоқда. Сиёсий-ҳуқуқий билим ва малакамизни ошириш имкониятига эга бўляпмиз.
Семинар дастуридан вилоят сектор раҳбарлари иштирокида мулоқотлар ўтказиш, маҳалла раислари томонидан ишлаб чиқилган иш режаси тақдимоти ҳам ўрин олган.
Ўқув-семинари якунида мавзуларни ўзлаштириш бўйича тест синови ўтказилади.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг