Янги кўприклар аҳоли ҳаётини енгиллаштирмоқда
Тоғли ҳудудларда аҳоли қатновини хавфсиз ва барқарор таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Тўхтамиш маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Вахшиворсой сел сувлари устида замонавий кўприк барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Сел хавфи, мавсумий ёғингарчиликлар ва мураккаб рельеф кўп йиллар давомида маҳаллалар ўртасидаги транспорт қатновида қийинчиликлар туғдириб келар эди. Айниқса, баҳор ойларида сел оқимлари аввалги кўприкларнинг ишончлилигини синовдан ўтказиб, аҳоли ҳаракатига жиддий тўсиқ бўларди.

Янги барпо этилган кўприк замонавий қурилиш талаблари асосида мустаҳкам бетон деворлар билан жиҳозланди. Унинг узунлиги 12 метр, эни 7,5 метр, баландлиги эса 7 метрни ташкил этади. Мазкур иншоот Тўхтамиш, Чуқур Обшир, Зардақул, Чинор, Бодиҳаво каби қишлоқларда истиқомат қилаётган 15 мингдан зиёд аҳолини туман маркази билан боғлаб туради. Эндиликда йилнинг барча фаслларида ҳам хавфсиз ва барқарор қатнов имконияти таъминланмоқда.
Лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 150 миллион сўм гранти, аҳоли маблағлари ва туман ҳокимлиги кўмаги асосида амалга оширилди. Бунёдкорлик жараёнида ҳашар анъанаси кенг қўлланилиб, маҳалла аҳлининг фаол иштироки билан иш сифатли ва қисқа муддатда якунланди.

Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Отабек Мавлянов, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
— Тоғли ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу бевосита аҳолининг ҳаёт сифатига таъсир қилади, — дейди халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Акром Турдиев. — Бугун ишга туширилган кўприк нафақат транспорт қулайлиги, балки ижтимоий барқарорликни таъминлаш, таълим ва тиббиёт хизматларига тезкор етиб бориш имкониятини ҳам кенгайтиради. Бу каби лойиҳалар орқали чекка ҳудудлар ҳам ривожланиш жараёнидан ортда қолмаяпти.
Шу каби эзгу ташаббуслар доирасида тумандаги Гулобод маҳалласида ҳам янги кўприк фойдаланишга топширилиб, аҳоли учун муҳим қулайликлар яратилди.

Гулобод маҳалласидаги иншоот ички йўллар ўртасидаги боғланишни яхшилаб, ҳаракат хавфсизлигини сезиларли даражада оширди. Эндиликда маҳаллада транспорт қатнови барқарорлашиб, кундалик ҳаракат анча енгиллашди. Айниқса мактаб ўқувчилари, тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар ва кексалар учун шароит сезиларли яхшиланди.
— Олдин ёмғирли ёки селли кунларда кўприкдан ўтиш анча қийин эди, — дейди Гулобод маҳалласи оқсоқоли Пирназар Поёнов. — Бугун эса бу муаммо бартараф этилди. Энг муҳими, Президентимизнинг олис ҳудудларга бўлаётган эътиборини ҳар бир хонадон ҳис этмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари нафақат инфратузилмани, балки одамларнинг эртанги кунга ишончини ҳам мустаҳкамлаяпти.
Бундай амалий лойиҳалар ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва олис қишлоқларни марказлар билан янада яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг