Янги ахборот маркази нима учун ташкил этилди?
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Глобал экологик жамғармасининг «Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтида ахборот маркази ва геоахборот тизимлари лабораторияси (ГИС) ташкил этилди. Янги объектлар ўрмонларни ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг замонавий тизимига асос бўлади ва Ўзбекистоннинг ўрмон хўжаликларини рақамлаштиришига ёрдам беради.

Ахборот маркази ўрмонларни барқарор бошқариш мақсадида ахборот хизматларини тақдим этиш йўли билан, ахборот сақлаш ва тарқатиш вазифасини бажаради. Ўз навбатида, ГИС лабораторияси майдонли (географик) ахборотлар ва зарур объектлардаги улар билан боғлиқ маълумотларни йиғиш, сақлаш, таҳлил қилиш ва график визуаллаштириш учун янги имкониятларни яратиб беради. Ахборот маркази ва ГИС лабораторияси ўрмон экотизимини таҳлил қилишни такомиллаштириш, йўлдош навигацияси воситаларидан фойдаланиб ўрмон фонди ерларини тўлиқ ҳисоблаш ва мониторинг қилинишини амалга ошириш учун зарур бўлган замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Ўрмон хўжалиги мутахассисларида ўтқазилган ўрмон дарахтларининг замонавий рўйхатини яратиш ва уни Ўрмон хўжалигининг ягона электрон маълумотлар базасига киритиш имкони пайдо бўлади.
— Янги ахборот маркази ва ГИС лабораториясининг очилиши ўрмон барпо этилишига тааллуқли бўлган ахборотларни анъанавий сақлаш усулидан замонавий электрон-рақамли ташувчиларга ўтказилишини билдиради, — дейди ФАО/ГEФ нинг «Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси техник координатори Олимжон Қаҳҳоров. — Энди бизда ўрмон фонди ерларининг ҳолати тўғрисида келиб тушаётган маълумотларни реал вақт режимида ишлаб чиқиш имкони бўлади. Буларнинг барчаси ўрмон экотизимининг таҳлил қилинишини яхшилаш, деградация ва чўлга айланиш билан курашиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш, узоқ муддатли ўрмон хўжалик тадбирларини режалаштириш имконини беради. ГИС лабораториялари туфайли замонавий йўлдош тизимлари ёрдамида катта аниқлик билан рақамли хариталар ярата оламиз. Аввал 2-3 йилда эскириб қоладиган қоғоз хариталарга киритиш йўли билан бир йилда 2-5 та ўрмон ташкилотларини ҳисоблашни амалга оширган бўлсак, энди ўрмон хўжаликларидаги ўзгаришларни реал вақт режимида электрон хариталарга киритиш мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг