Ялтираган ҳамма нарса тилла эмас
Фото: Халқ сўзи
Бугунги истеъмолчида танлаш имконияти кенг. Дўконларимиз пештахталари маҳсулотлар хилма-хиллигидан эгилади. «Дефицит» сўзи аллақачон муомаламиздан чиқиб, ўрнини «тозасими» деган савол эгаллаганига ҳам анча вақт бўлиб қолди.
Бироқ ўтган куни эски танишимни автотеххизмат устахонасида фиғони фалакда ҳолда учратиб қолдим. Айтишича, автомобилидаги газ тақсимлаш механизмининг тасмаси( ГРМ ремени) узилиб, анчагина харажат тортибди.
— Тозаси, камида 50 минг километр юриб беради, деб сотган эди. Икки минг ҳам юрмади, — дейди у йиғлагудек бўлиб. —Йўлда қолиб кетганим майли, мана энди клапанлар ҳам қайрилиб, ишдан чиқибди.
— Пулига ярашада, — деди уста. — «Оргинали» бўлганида юриб берарди.

Қисқа қилиб айтганда, «оригинали» билан сохтасини оддий нигоҳлар орқали фарқлаш қийин. Истеъмолчи эса «чув» тушгандагина маҳсулот қўлбола цехларда тайёрланганлигини англаб етади. Гўштсиз колбаса, сутсиз сариёғ ва шунга ўхшаш кундалик сохта истеъмол маҳсулотларига кўникиб ҳам қолдик. Ачинарлиси, бу каби маҳсулотлар эндиликда таниқли брендлар белгиси остида ҳам савдога чиқарилмоқда.
— Бренд бу фақат логотип эмас, — дейди Навоий вилоят Адлия бошқармасининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Раҳматилла Иброҳимов. — Бренд бу компания стратегияси, ходимлари, нарх сиёсати, рақобатчилардан фарқланиши, кучли тарафлари, истеъмолчилар учун яратилган ўзига хос қийматлар ва охирида ном ва логотип холос. Бренддан асосий мақсад, доимий мижозларга эга бўлиш, бозорда сезиларли фарқ ва қийматни ҳосил қилиш. Шу орқали ҳар бир тадбиркор ўзининг номи ва маҳсулотини ёки хизматларини рақобатчилари ўртасида ажралиб туришидан манфаат топади.
Бу савдо ҳажмининг ҳам товар, ҳам хизматлар кўринишида ошишига имкон бериб, истеъмолчи компания «бир кунлик» эмас, балки бозорда ўзини жиддий кўрсатган ишончли фирма эканлигини ҳис қилади.
Афсуски, сўнгги пайтларда бренд ўғрилиги, бировнинг истеъмол бозоридаги мавқейидан фойдаланиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Маҳсулот сифатининг талабга жавоб бермаслиги ўз йўлига шу орқали таниқли брендлар мавқейига ҳам соя солинмоқда.
Чинданам, истаган бозорингизга тушинг, таниш брендлар дизайнида чиройли қадоқланиб, номланишида бир-икки ҳарф ёки белгилар алмаштирилган маҳсулотлар савдосига дуч келасиз.

Хусусан, Навоий вилоят Адлия бошқармасининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан Навоий шаҳар марказида жойлашган «Саховат» МЧЖга қарашли «Навоий марказий деҳқон бозори»да Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда товарлар ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини юритиш бўйича профилактика кузатув тадбирлари жараёнида контрафакт маҳсулотлар савдоси билан шуғулланиб, амалдаги қонунларга ҳурматсизларча қарайдиган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 110 та огоҳнома, 51 та тақдимнома ва 2 та маъмурий баённома расмийлаштириб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва унга илова қилинган ҳужжатлар, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун судларга юборилди.

Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, ички истеъмол бозорини контрафакт ва сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан ҳимоя қилишда харидорнинг ҳам ўрни беқиёс. Келиб чиқиши шубҳали маҳсулотни харид қилар экан, истеъмолчи нафақат ўз ҳамёни, балки саломатлигига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис маҳсулот қадоғи ва ундаги таркиб рўйхатига жиддий эътибор қаратиш лозим. Халқимиз эса ялтираган ҳамма нарса тилла эмас, деб бежиз айтмаган..
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг