WSJ: Европа АҚШнинг НАТОдан эҳтимолий чиқишига қарши захира мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда

21:24 15 Апрель 2026 Дунё
276 0

Европада АҚШ альянсдан чиққан тақдирда, Европа Иттифоқи НАТОнинг мавжуд ҳарбий тузилмаларидан фойдаланган ҳолда ўзини ҳимоя қила олишига қаратилган кафолатлар ва захира режаси муҳокама қилина бошланди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) хабар бермоқда.

Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, режалар расмий бўлмаган ҳолда, коридорлардаги мунозаралар ва ишчи кечки овқатлар давомида илгари сурилмоқда. Улар амалдаги альянсга рақобат туғдиришга қаратилмаган.

Муҳокамалар Германиянинг позицияси ўзгарганидан кейин бошланди. Аввалроқ Берлин Франция томонидан илгари сурилган Европанинг мудофаа мустақиллигини ошириш ғоясига қаршилик кўрсатиб, АҚШни хавфсизликнинг асосий кафолатчиси сифатида сақлаб қолишни афзал кўрган эди. Бироқ канцлер Фридрих Мерц даврида Германияда Вашингтоннинг иттифоқчи сифатидаги ишончлилигига шубҳа пайдо бўлди.

Таъкидланишича, Мерц АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечишга тайёр деган хулосага келиб, ўз позициясини қайта кўриб чиқа бошлаган.

Европа Иттифоқининг захира режалари устида ишлаётган амалдорлар лойиҳани «Европа НАТОси» деб аташмоқда. Улар альянснинг қўмондонлик-штаб лавозимларига кўпроқ европаликларни жалб қилиш ва АҚШнинг ҳарбий активларини ўзлариники билан тўлдиришга интилишмоқда.

Амалий саволлар шундан иборатки, агар Америка ҳарбийлари четга чиқадиган бўлса, НАТОнинг ҲҲМ ва РҲМ (ракетага қарши мудофаа) тизимларини, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатларига кучларни йўналтириш йўлакларини, логистика ва йирик минтақавий ўқув машғулотларини ким бошқаради? Бундан ташқари, мулозимлар АҚШ қўшинларини Европадан олиб чиқиб кетган тақдирда ҳам, «ядровий қалқон»нинг ишончлилигини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар.

WSJ нашрининг ёзишича, ушбу режаларни амалга ошириш қийин бўлади. НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари олий бош қўмондони лавозимини анъанавий равишда АҚШ вакили эгаллайди ва Вашингтон бундан воз кечиш ниятида эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер