Ватанпарварлик ҳафталиги қизғин учрашув ва мулоқотларга бой тарзда ўтди
Фарғона вилоятида ҳарбий ватанпарварлик ҳафталиги доирасида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округи, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиалида “Ўзбекистон – Ватаним маним” шиори остида тантанали байрам тадбири ўтказилди. Унда таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, талабалар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.
— Ватан ҳимоячилари сафини маънан ва жисмонан баркамол ёшлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётганимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз, — дейди филиал директори Низомжон Тўхтабоев. — Боиси таълим даргоҳида йигит-қизларни ҳар жиҳатдан мукаммал таълим-тарбия олишларига жиддий эътибор қаратилади.

Байрам тадбирида Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм аскарлари ҳамда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи ўқувчилари томонидан театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Хусусан, ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар, фахрий қоровул чиқишлари ва жанговар ўқув-амалиёт машқлари барчага манзур бўлди.
Тадбир доирасида меҳмонлар университетда яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш ҳамда ўқув ва амалий машғулотлар биноларига мароқли саёҳат уюштириш имконига эга бўлишди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг