Ватанни севишни сиздан ўргандим

19:21 05 Сентябр 2022 Жамият
687 0

Архив сурат

Назм гулшани

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир — тоғ фарзанди. Паркент тоғлари этагида туғилиб-ўсди. Адабиёт бўстонига кириб келди. Шу боис унинг феъл-атворига ҳам, юриш-туришига ҳам, ижодий салоҳиятига ҳам тоғлардек улуғворлик, кўламдорлик, салобат ва кўркамлик хос.

Шоир асарларида инсонни ИНСОН сифатида ушлаб турадиган эзгу тушунчалар, Ватанга муҳаббат, халқпарварлик, меҳр-оқибат ва садоқат, одамийлик каби азалий қадриятлар халқона услубда, ўзига хос ташбеҳлар билан баланд пардаларда куйланади.

Қуйида Маҳмуд Тоир шеърларидан баҳраманд бўласиз.

ЎРГАНДИМ

Ўргатган одамнинг сўзида офтоб,
Ўрганган одамнинг юзида офтоб.
Яшамоқ — аслида сўроққа жавоб,
Эй, Сиз илк устозим — Онам, дилбандим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Дердингиз, райҳонда дилнинг ранги бор,
Муҳаббат аҳлида гулнинг ранги бор,
Меҳру оқибатда элнинг ранги бор,
Элга эландим мен, сизга эландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Дегансиз, ҳақ сўзнинг ташнаси бўлгин,
Садоқат саҳросин чашмаси бўлгин,
Яхшилик азмида тўкилгин, тўлгин,
Она, дилингизда дарё кўргандим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Офтоб остонамдан кетганда билдим,
Ботар манзилига етганда билдим,
Чўбин отингизни тутганда билдим,
Кеч деди, ҳеч дедим, дийдор тиландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Онани асраш бу — Ватанни асраш,
Онадек бағри кенг чаманни асраш,
Керак, ҳей, онадек гулханни асраш,
Сизни эсласам ҳам бахтга беландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Оналар дунёнинг дури азали,
Эй, сиз — кўнглим кўзин сўнмас машъали,
Соғинчим оҳининг битмас ғазали,
Руҳий оламингиз тинчин тиландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

ЯНГИ ЙЎЛЛАР

Инсон тонгда кўз очиб, бисмиллаҳ деб йўл босар,
Яратганга ёлвориб, хуш дуога қўл очар,
Яхши ният одамзот қадамига нур сочар,
Ҳалол ризқ яратганда билсанг толмагай қўллар,
Муродимиз меваси – бу йўллардир, бу йўллар!

Бу равон йўлда юриб, ўтмишингга боқиб кўр,
Оҳи уммон тарихинг оҳларида оқиб кўр,
Тийрак назар, тафаккур чироғини ёқиб кўр,
Кўзларингга кўрингай, чинқириб ётган чўллар,
Не-не кунлар гувоҳи, бу йўллардир, бу йўллар!

Ғафур Ғулом дард тўккан “Турксиб йўлларида”,*
Ёзолмай қолган рост сўз бўзлаган дилларида,
Қалам ҳам қон қақшаган титраган қўлларида,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий, элим деган не эрлар,
Охиратга олдинроқ олиб кетган бу йўллар!

Бу йўллардан ўтмади, не-не азоб карвони,
Тупроқ билан тенг бўлди, гоҳи миллатнинг шони,
Шукурким, келди юртга Ҳурриятнинг замони,
Ўз эркидан энтикди, орзиқиб кутган диллар,
Элнинг қувонч ёшини сипқорган ҳам шу йўллар!

Мақсад улуғ, йўл равон – олиб чиқар дунёга,
Тенглар ичра тенг миллат ғолиб чиқар дунёга,
Ахир ким ташна эмас, муҳаббатга, зиёга,
Қалблар қалбга вобаста, изҳорда бурро тиллар,
Яйраб юрсанг яшнагай, янги-янги бу йўллар!

Нарвон бошига ҳеч ким сакраб чиқолган эмас,
Мушкулини одамзот додлаб ечолган эмас,
Алангаси ўзидан чиққан элни эл демас,
Ўз-ўзига чоҳ қазир, нафсига абад қуллар,
Юрагимиз юзидан очайлик янги йўллар!

Инсонни эзгу ишга, аввало, онги йўллар,
Ким шукурда уйғонса, умрининг тонги йўллар,
Ҳар вилоят, ҳар туман бағрида янги йўллар,
Биз бир-бирни қўлласак, Яратган бизни қўллар,
Тошкентга чирой бўлди, Юртбоши очган йўллар!

Бугунги Ўзбекистон ўз янги бўстонида,
Монолит кўприклар ҳам, бир янги имкони-да,
Аждодлар номи балқир миллатимиз шонида,
Шодон руҳлар кўклардан не ажаб дуо йўллар,
Янги Ўзбекистонга ярашгай янги йўллар!

 Маҳмуд ТОИР,

 Ўзбекистон халқ шоири.

*Ғафур Ғуломнинг шу номдаги шеъри кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер