Ватан ҳимояси — муқаддас бурч
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Марказий ҳарбий Округга қарашли ҳарбий қисмда мактаб ўқувчилари, ҳарбий хизматчилар иштирокида 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жанговар қуроллар ва ҳарбийлар ҳаёти билан танишиш тадбири ташкил этилди.
Ёш авлод вакиллари аввало, ҳарбий қисм, ҳарбийларнинг яшаш шароити, бу ерда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, ҳарбий қуролларнинг тарихи, уруш оқибатларидан тортиб, замонавий армиянинг шаклланиши, бугунги салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмалар, мавжуд шароитлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг Марказий ҳарбий Округ жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар, ҳарбийлар ҳамда 54-умумтаълим мактаби, 1-сон ихтисослаштирилган махсус лицей-интернат ўқувчилари, вилоят ижодкорлари иштирокида “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг Самарқанд минтақавий бўлинмаси раиси ўринбосари, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бӯлими раҳбари, шоир Тошпўлат Тугалов, Марказий ҳарбий Округ фахрийлар кенгаши раиси Шодмон Азизов, подпольковник Рашид Шеров, шоир Зубайдулла Ибрагимов ва зобитлар сўз олиб, мамлакатимизда ўтказилаётган ватанпарварлик ойлигининг моҳияти, тинчлик ва хавфсизлик, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш, турли хуруж ва оқимларга қарши муросасиз курашиш, аждодларимизнинг ибратли жасорати борасида ўз фикрларини билдиришди.
Кекса авлод вакиллари ўз ҳаётий тажрибалари асосида ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Учрашув давомида иштирокчилар ўртасида мушоира ташкил этилиб, ватанпарварлик, тинчлик, ҳарбийлик касбини улуғловчи қўшиқлар ижро этилди. Эсдалик учун суратларга тушилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг