Варзаклик миллионерлар

15:29 28 Февраль 2023 Жамият
563 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани ҳудудлари «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида ихтисослашган бўлиб, ҳар бир аҳоли манзилида муайян турдаги деҳқончилик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Хусусан, «Варзак» маҳалла фуқаролар йиғинида ота-боболардан мерос ҳунар – кигиз тўқиш билан шуғулланиб келаётган ҳунармандлар 300 нафарга яқин маҳалладошининг бандлигини таъминлаган.

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Абдуғани Сулаймоновнинг айтишича, ўтган йилги ўрганиш ишлари натижасида маҳаллада кигизчиликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан қарийб 1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. 2022 йил давомида варзакликлар ички бозордан ташқари Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россияга 50 минг доллардан ортиқ қийматда кигиз маҳсулотини экспортга чиқарди. Бу ҳунар ортидан бир оила бир ойда ўртача 5 миллион сўм, йилига 100 миллион сўм соф фойда кўрмоқда.

— Кигиз учун асосан табиий хомашё ишлатилади, шу боис у сифатли, арзон ва узоқ муддат хизмат қилади, — дейди шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Ҳусниддин Раҳимов. — Кейинги йилларда ҳунармандчилик ривожига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат туфайли фаолиятимни кенгайтириб, ўн нафар маҳалладошимни ишли қилиш имконига эга бўлдим. Миллий услуб ва анъаналар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз жуда ҳам харидоргир.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер