Вакиллик органларининг самарали ҳамкорлиги — ислоҳотлар натижадорлигини таъминлайди

22:16 08 Сентябр 2023 Сиёсат
693 0

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида бажарилаётган ишлар самарадорлигини ошириш шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур масалалар юзасидан Жарқўрғон тумани ҳокими Э. Авазовнинг шунингдек, Жарқўрғон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи А. Бердиназаровнинг ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришга молиявий кўмаклашиш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жарқўрғон туманида ҳам янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ишлар қилиняпти. Жумладан, аҳолини доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилишга устувор аҳамият берилиб, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Туманда жорий йилда 31,5 минг нафар аҳолини доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилиш бўйича маҳалла кесимида йиғма мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилиб, тармоқлар ва соҳалар кесимида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича режа-график тасдиқлаб олинган.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида — 21,2 минг нафар, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳисобига — 6,3 минг нафар, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига — 0,9 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. 2023 йилнинг январь-июль ойларида 23,1 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.

Сессияда депутатлар томонидан ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги қайд этилиб, аҳоли бандлигини кафолатлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, уларнинг муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Қайд этилганидек, туманда аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир маҳалла кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишда “фуқаробай” ишлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш ҳамда “Хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида иш олиб борилмоқда.

Тумандаги 31 та маҳалла “яшил”, 27 та маҳалла “сариқ” ҳамда 8 та маҳалла “қизил” тоифадаги маҳаллаларга киритилган. Туман ҳудудидаги “сариқ” ва “қизил” маҳалла тоифасига тушган маҳаллаларда жиноятларни камайтириш мақсадида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, содир этилган жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олиниб, маҳалла бешлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Туманда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш йўналишида тизимли ишлар олиб борилаётганига қарамай жиноятчилик сони ошгани қайд этилиб, уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар берилди.

Сессияда ушбу масала юзасидан Жарқўрғон тумани прокурори, маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторларининг муносабатлари ҳам эшитилди.

Сессия йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов иштирок этди ҳамда янги таҳрирдаги Конституция, унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ўрни ва масъулияти, шунингдек, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи, унда илгари сурилган ташаббуслар, белгилаб берилган устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери аҳоли бандлигини таъминлашда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб иш ташкил этиш лозимлиги, “Таълим тўғрисидаги”ги Қонунда кўзда тутилган қоидаларга амал қилинишини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар бўйича халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Қизларшой РАҲМАТОВА, халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгаши депутати:

Сессияда Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам иштирок этгани, қуйи палата фаолияти ҳақида яқиндан танишганимиз ва тажриба алмашганимиз, янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилгани айни муддао бўлди. Сабаби, бу каби омиллар, албатта, бизнинг фаолиятимизга янгича руҳ бағишлайди, вакиллик органлари фаолиятининг самарадорлигини оширади. Чунки йиғилишда жуда муҳим масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган даврда туманда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган, кўплаб ёшларнинг, хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. Туман ҳокимияти ва тегишли идоралар раҳбарлари ҳисоботларини муҳокама қилиш жараёнида бунга амин бўлдик.

Эътиборлиси, туманимизда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Агар биз улардан унумли фойдалансак, ҳудудда табиркорлик субъектлари кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади. Натижада аҳолининг турмуши яхшиланади. Шу боис, бугунги сессия йиғилишида ҳам бу борада бажарилиши лозим бўлган ишлар атрофлича муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Рустам ДАВЛАТОВ, халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгаши депутати:

Очиғини айтиш керак, йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш масаласи Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Соҳадаги кенг кўламли ишлар қайд этилиб, жиноятларнинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишларда маҳалладаги бешлик ва маҳалла фаоллари ўртасидаги ҳамкорлик тизимли йўлга қўйилмагани натижасида олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар содир этилгани жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Албатта, биз булардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий-муҳитни соғломлаштириш, ёшлар ва аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Шунингдек, келгусида туманимиз бутун республикада жиноятчиликдан холи бўлган туманлардан бирига айланиши, бунда барча депутатлар ўз ҳиссамизни қўшишга, маҳалла фаоллари, ҳудуд депутатлари, ИИБ ходимлари билан узвий ҳамкорликда ишлашга келишиб олдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер