Узилган бир киприк

14:36 02 Апрель 2020 Жамият
1385 0

Ғиждувон тумани Соҳибиён маҳалла фуқаролар йиғини Палонзе қишлоғида истиқомат қилган Темир Собиров кўнгиллилар қаторида урушга йўл олганида эндигина 17 ёшда эди.Хайрлашаётиб, “Мен ғалаба билан қайтаман. Агар... агар жангда ҳалок бўлсам, жасадим ўзга юртларда қолиб кетмасин. Ҳеч бўлмаса, кўмилган жойимдан бир сиқим тупроқ олиб, қишлоғимиз мозорига қўйинглар”, деди. Унинг онаси Пўлат ая билан укаси Жабборга айтган сўнгги сўзлари шу бўлди.

Орадан бир йил ўтиб, 1944 йилнинг бошида Темирнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлгани тўғрисида “қора хат” келди.Шўрлик онаизор умрининг қолган қисмини фарзанд доғи билан ўтказди.

-Тўнғич неваралари бўлганим учун Пўлат бувим умрларининг охирига қадар Темир амакимнинг сўнгги сўзларини менга тез – тез айтиб, чуқур “уҳ” тортардилар,- дея эслайди 2- даражали адлия маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник, айни дамда Когон туман мактабгача таълим бўлимида юрист – маслаҳатчи вазифасида ишлаётган Жалол Собиров.- Афсуски, шу армон билан бу дунёни тарк этдилар.

-Темиржонни яхши эслайман,- дейди Палонзе қишлоғида яшовчи 97 ёшли Муҳит бобо Нозимов.- Ўша кезларда ҳудудимизда “Матбуот” деб номланган колхоз бўларди.Ҳали 17 ёшга ҳам кирмаган Темиржон шу хўжаликнинг бош ҳисобчиси вазифасида ишларди.Ташкилотчи, билимли, зеҳни ўткир,фаол ёшлардан эди.Қадамидан ўт чақнарди.Номинг ўчгур уруш бўлмаганида ундан эл – юрт корига ярайдиган фидойи раҳбар чиқарди.Бунга ишончим комил.

Қишлоқда яшовчи 90 – 95 ёшли Ҳабиб ва Ҳамид Темировлар ҳам шу мазмундаги сўзларни айтишди.

Хўш, Темиржоннинг тақдири қандай кечганди?Бу саволга Собировлар сулоласи вакиллари яқинда жавоб топишди.

-Ўғлим Жасуржон ижтимоий тармоқлар орқали амаким ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотни олишга муваффақ бўлди,-дейди Жалол ака.- Унда айтилишича, Темир Собиров 350 –сонли ўқчи дивизия таркибида Тула, Воронеж, Харьков, Донецк, Брянск, Смоленск, Гомел ва Киевни фашистлардан озод қилишда қатнашган.Житомир области Радомишльский райони Гута – Забеловцкая қишлоғида бўлиб ўтган аёвсиз жангда ҳалок бўлган.Шу ердаги биродарлик қабристонида дафн этилган.

-Когон шаҳрида яшовчи холам Ҳалима Раупованинг уйларига борганимда у киши акалари Ҳамид (тоғам)ни эслаб, Темир амаким билан бирга фронтга жўнаганликларини, лекин иккаласи ҳам она – юртга қайтмаганлигини сўзлаб бергандилар,-давом этади суҳбатдошимиз.-Улардан биргаликда тушган ушбу сурат ёдгор бўлиб қолган.

Жалол ака шундай деганча бизга 1943 йилда олинган суратдан нусха тақдим этди.Суратда (юқори қаторда) палонзелик Рустам Ражабов, Ато Тўлаев,Раҳмон Набиев, (пастки қаторда) Ҳамид Раупов, ўртада исм – шарифи номаълум хоразмлик жангчи ва Темир Собиров тасвирга олинган.

Ҳа, шоирнинг “Узилган бир киприк абад йўқолмас”, дея ёзганича бор.Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган бир юртдошимизнинг қисматига ойдинлик киритилди.Энди эса Жалол ака инсониятни фашизм балосидан халос этмоқ йўлида жонини қурбон қилган Темир Собировнинг васиятини бажариш ниятида.Мард жанги қабридан келтириладиган бир сиқим тупроқ армон билан дунёдан кўз юмган Пўлат момонинг ҳам руҳини шод этиши муқаррар.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер