Устозлар ҳар доим эъзозга лойиқ
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Фарғона вилояти Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси томонидан «Устозларни эъзозлаш» ҳафталиги эълон қилинди.
Ҳафталик давомида вилоятда профессионал таълим муассасаларида кўп йиллар самарали фаолият олиб бориб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрий ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари ҳолидан хабар олинади. Файзли хонадонларида «Уч авлод учрашувлари», ўқувчи ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Ёзёвон, Тошлоқ, Бешариқ туманидаги касб-ҳунар мактабларида узоқ йиллар мобайнида ишлаган фахрий ўқитувчилар, касб таълими усталарининг хонадонларига бориб, байрам совғалари топширилди. Бир пиёла чой устида самимий суҳбат уюштирилиб, бугунги ёшлар учун яратиб берилаётган замонавий шароитлар, таълим дастурлари жаҳон андозалари даражасида ислоҳ этилаётгани мамнуният билан эътироф этилди. Нуронийлар янги авлод вакилларига бундай эътибор ва рағбатдан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлашди.
— Бугунги ташриф кўнглимни тоғдек юксалтирди, — дейди Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Раҳматжон Қурбонов.—Кўп йиллар давомида тумандаги 2–сонли касб–ҳунар мактабида фаолият олиб борганман. Қадрдон жамоамдан ҳам тез–тез йўқлаб келади. Биз нуронийлар бундай ғамхўрликдан ҳамиша мамнунмиз.

Ўз навбатида таълим соҳасидаги янгиланиш ва ўзгаришлар, келажагимиз ворисларининг бу борада эришаётган оламшумул ютуқларидан доимо ғурурланамиз.
Айни кунларда вилоятнинг барча шаҳар–туманлари бўйлаб «Устозларни эъзозлаш» ҳафталиги давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг