Урганч давлат университети талабалари учун муносиб байрам туҳфаси
Фото: Халқ сўзи
Янги йил байрами арафасида Урганч давлат университети кимёвий технологиялар факультетининг замонавий ўқув биноси ва 800 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Талабалар турар жойида маданий дам олиш ва мутолаа хоналари, ошхона, қўйингки, муносиб шарт-шароитда яшаш учун неки қулайликлар зарур бўлса, барчаси муҳайё этилган. Ўқув биносида эса кичик конференция зали, спорт зал, 10 та лаборатория хонаси, 18 та ўқув аудиториялари жойлашган.

Шунингдек, университетда техника факультетининг 1 минг 600 ўринли янги ўқув биноси ва 250 ўринга мўлжалланган талабалар кутубхонаси ҳам талабалар учун ўз эшигини очди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
— Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таълим соҳасини ривожлантириш мамлакатимиз тараққиётининг олтита устувор йўналишидан бири сифатида келтириб ўтилди, — дейди Урганч давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев. — Шундан келиб чиқиб университетимизда таълим ва фанни ривожлантириш бўйича лойиҳаларимизни изчил давом эттирамиз. Келгуси йилда талабалар учун яна қўшимча ётоқхоналар, спорт мажмуалари қуриб фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг