Ун маҳсулотлари тизимли ва кафолатли етказиб берилмоқда
Бугунги кунда коронавирус пандемияси кенг тарқалишини олдини олиш бўйича кураш олиб борилаётган бир пайтда аҳоли учун озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири саналади. Хоразм вилоятида ҳам бу борада бир қатор амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хоразм вилоят прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси амалий саъй-ҳаракатлари билан асосий истеъмол қилинадиган ун маҳсулотлари чекка ҳудудларда ташкил этилган арзонлаштирилган савдо дўконларига тўғридан-тўғри етказилиши таъминланмоқда.
Ҳукуматимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисини давлат ресурcлари ҳисобига ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёни билан коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб ун маҳсулоти барча ҳудуlларга бир маромда етказиб берилишини таъминлаш мақсадида биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар билан сотилиши бўйича топшириқлар белгилаб берилди.Бу борада вилоят прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармасининг амалий ёрдами билан вилоятда мавжуд 4 та ун ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ун маҳсулотлари 350 дан ортиқ арзонлаштирилган савдо дўконларига, 194 та қолипли нон, 213 та кулча нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб берилиши таъминланмоқда.
Биргина Шовот туманида жойлашган “Шовот дон маҳсулотлари” АЖ суткасига 150 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга. Корхонада замонавий энергиятежамкор технологиялар билан жиҳозланган тегирмон цехларида кунига 112 тоннадан ортиқ 1-навли ун маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда корхона омборларида минг тоннадан ортиқ ун захиралари бор. Шунингдек, корхонанинг 30 минг тонна сиғимга эга буғдой омборхоналарининг захираси ҳам етарли.
- Корхонамизда иш жараёни қизғин. Пандемиядан олдин қандай иш ташкил этилган бўлса, ҳозир ҳам шу тартибда ун ва дон маҳсулотларини ишлаб чиқариш давом этмоқда. Корхонада фаолият юритаётган 150 нафардан ортиқ ишчи-хизматчиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғи назорат остида. Ҳозирда ишлаб чиқараётган ун маҳсулотларимизни биринчи қўл тамойили асосида вилоятдаги барча арзонлаштирилган савдо дўконларига, нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналарга етказиб бермоқдамиз, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича корхона директори Давлатёр Наврўзов. - Шовот туманида мавжуд 55 та маҳаллада 18 та арзонлаштирилган туғун савдо дўкони, 16 та кўчма савдо дўкони ташкил этилган. Департамент органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан туман аҳолисига 28 тонна картошка, 1 тонна тонна пиёз ва 32 тонна ун каби 27 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига қулай нархларда етказиб берилди.
Туманнинг “Истиқбол” маҳалласида ташкил этилган арзонлаштирилган савдо дўкони ҳам бирламчи истеъмол маҳсулотларига тўла. Харид учун дўконга келган маҳалла аҳолиси, оралиқ масофани сақлаган ҳолда, карантин қоидаларига риоя этиб, керакли маҳсулотларни эҳтиёжи асосида сотиб олишмоқда. Ун маҳсулоти шу туманда жойлашган корхонадан тўғридан-тўғри савдо дўконига етказилмоқда. Шунингдек, маҳалланинг ўзида нон ёпиш хизматини йўлга қўйган тадбиркор Жасурбек Абдуллаев ҳам узоққа бормасдан, ушбу дўконга шартнома асосида иссиқ нон етказиб бермоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратурасининг амалий кўмаги билан нонвой Жасурбек ака билан савдо дўкони ўртасида шартнома тузилди. Дўконга ҳар куни етказиладиган иссиқ нонларнинг тўлови учун тадбиркорга янги пластик карта очилиб, кунлик тўлов пластик карточкага ўтказиб бериладиган бўлди. Бу билан дўкон ва нонвойнинг савдоси жонланиб, бюджетга солиқ тушими ҳам ошиши кўзда тутилган.
— Авваламбор, Президентимизга раҳмат айтаман, — дейди тадбиркор Жасурбек Абдуллаев. Тадбиркорларни ўйлаб, енгиллик ва шароит яратилиб, фаолиятимизни ривожлантиришда мутасадди ташкилотлар ўз ёрдамини аямадилар. Ун маҳсулотини олдин биржа орқали сотиб олар эдик. Эндиликда тўғридан-тўғри дон корхонасидан оляпмиз. Ёпган нонни 1500 сўмдан сотар эдим. Ҳозир уннинг нархи арзонлаганлиги учун 1200 сўмдан маҳалладаги арзонлаштирилган савдо дўконига етказиб беряпман. Сабаби, ортиқча оворагарчилик, таранспорт харажати йўқ.
Шовот туманининг “Истиқбол” маҳалласида 3005 нафар фуқаро, 556 та хонадон истиқомат қилади. Прокуратура ва департамент ходимларининг ташаббуси билан аҳолига енгиллик яратиш мақсадида, ун, нон ва макарон маҳсулотларининг тўғридан тўғри маҳалларда янги ташкил этилган турғун савдо шохобчаларига етказилиши аҳоли учун янада қулайлик яратмоқда.
Бу каби хайрли ва самарали ишлар аҳолини бирдамликда, оғзибирчиликда яшашга, тожсимон вирусни ҳамжиҳатликда енгиб ўтишга ундайди. Бугунгидек синовли кунларда Давлатимиз раҳбари бошчилигида халқ манфаати, юртдошларимиз тақдири ва келажаги йўлида яратилаётган шароит ва имкониятлар изчил авом этади.
Бош прокуратура ҳузуридаги
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш
Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг