Уйчилик жажжи менталчилар чемпион бўлди

18:01 09 Июль 2024 Жамият
336 0

Қудратилла Нажмиддинов«Халқ сўзи». Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Асал билимдон болажон» номли мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари Истанбул шаҳрида ментал арифметика бўйича ўтказилган жаҳон олимпиадасида улкан муваффақиятни қўлга киритди. 6 ёшли Муҳаммадали Ғуломов биринчи ўринни эгаллаган бўлса, собиқ тарбияланувчилари, айни пайтда биринчи синфни тугаллаган Шаҳбоз Шокиржонов ҳамда Моҳибегим Ғофиржоновалар супер чемпион мақомига лойиқ кўрилди.

— Боғчамизнинг жажжи менталчилари учинчи марта халқаро олимпиадада иштирок этди, — дейди муассаса директори Гулбаҳор Ёқуббоева. — Мусобақада ўн бешдан ортиқ мамлакат болалари иштирок этди. Ўзбекистондан қатнашган ўғил-қизлар кўпчилиги юқори натижаларга эришди.

Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг мантиқий, ижодий фикрлаш, фотографик хотираларини ривожлантириш ва математика фанига қизиқишларини ошириш мақсадида ментал арифметика мактабгача таълим муассасаларини қамраб олган. 5 дан 13 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган бу дастур инсон бош миясининг ҳар икки ярим шарини бирдек ривожлантиради. Уни эгаллаган болалар қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлиш каби амалларни тезда бажаради.

«Асал билимдон болажон»да айни йўналиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиб келган Маъмура Олимжонова болажонларга тўрт амални тезкор бажариш сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг шогирдлари бу галги олимпиадада ҳам супер чемпионларга айланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер