«Уйчи тажрибаси» оммалаштирилмоқда

12:10 22 Июль 2024 Жамият
523 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Сирдарё вилояти Гулистон тумани маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари Наманган вилоятининг Уйчи туманига аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тўпланган тажрибани ўрганиш учун ташриф буюрди. Маълумки, жорий йилнинг 17 июлида Давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган мамлакат иқтисодиётининг биринчи ярим йиллик натижаларига бағишланган видеоселекторда Уйчида тадбиркорлар ва бизнес билан шуғулланиш истагидаги аҳоли билан манзилли ишлаш бўйича шакллантирилган тизим маъқулланиб, уни республика бўйича оммалаштириш вазифаси қўйилган эди. Гулистонликлар туманни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар билан яқиндан танишди. Улар дастлаб Қумтепа МФЙда жойлашган темирчиликка ихтисослашган ёшлар кичик саноат зонасида бўлишди. Бу ерда яратилган иш ўринлари, тайёрланаётган маҳсулотлар эътиборни тортди.

— Машад маҳалласидаги «Асл Умид Аброр» қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти фаолиятига қизиқиб қолдик, — дейди Гулистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Олимжон Жўраев. — Бу ерда асосан ўрик, бодом, ёнғоқ мағизлари қайта ишланиб, экспортга тайёрланади. Эътиборли томони, доимий 25 та ишчи ўрни яратилган бўлса, мавсумда бу 100 тагача боради. Маҳсулот асосан қўл меҳнати билан тайёрлангани учун хотин-қизлар ўз хонадонларида туриб ҳам даромад топиш имкониятига эга. Овчибулоқ маҳалласидаги тикувчилик, данакни қайта ишлаш цехлари, Гулзор маҳалласидаги мебель ишлаб чиқариш устахонаси ва бошқа қатор кичик корхоналарда яратилган бандлик имкониятлари чиндан ҳам ўрганишга арзирли.

Сирдарёлик ҳоким ёрдамчилари шу куни тижорат банкларининг мижозлар билан маҳаллага бориб ишлаш, хонадонларда томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш, миграциядан қайтган фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида Уйчида қўлланилаётган иш услубларини яқиндан ўрганиб, ўз маҳаллаларида қўлланиш мақсадида ён дафтарларига ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер