Уч йил тўлди. Хўш, нима ишлар қилинди?
Бундан роппа-роса уч йил аввал Президентимиз томонидан “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Хўш, ўтган вақт мобайнида ушбу қарор асосида қандай ишлар амалга оширилди? Аҳолини, шу жумладан, ёш оилаларни, эскирган хонадонларда яшаётганлар, умуман, муҳтож одамлар уй-жой билан қанчалик таъминланди?
Қайд этиш керак, мазкур қарор минглаб одамларга қувонч бахш этди. Чунки инсоннинг ўз уйи бўлиши нақадар бахт. У ўз хонадонида тўй-тантана қилади, фарзандлари камол топади. Ижарама-ижара юриб сарсон-саргардон бўлмайди. Кўз очиб юмгунча вақти келиб қоладиган ижара пулини ўз уйи учун йўналтиради. Муҳими, узоқ йилга имтиёзли кредит асосида. Хуллас, неча минглаб одамлар қарор қабул қилинганининг эртаси куниёқ ушбу уйлардан олиш учун ҳокимликларга ариза топширди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан яна бир муҳим қарор қабул қилинди. Яъни 2017 йил 13 январда “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компаниясига асос солинди. Компанияга қурилиш ишларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш учун буюртмачи вазифаси юклатилди. 2017 йилги давлат дастури бўйича 191 та кўп қаватли уйларни қуриш белгилаб берилди. Дастур ижроси ўз вақтида бажарилди. Тўғри биринчи йил бунёд этилган уйларнинг пардозлаш ишларида камчиликлар ҳам кузатилди. Аммо Ўзбекистон тарихида бундай катта ҳажмдаги қурилиш ишлари илк маротаба амалга оширилаётганини ҳисобга олсак буни қўпол хато дейиш ноўрин. Чунки давлатда кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилмагандан кейин қурувчи мутахассислар ҳам деярли йўқ эди.
Эҳтиёж юқори. Шу боис компания зиммасига 2018 йилги дастур бўйича 355 та кўп қаватли уйлар қуриш вазифаси юклатилди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш юзасидан қилган ташрифлари чоғида дастурга қўшимча равишда уй-жойлар қуриш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Натижада йил охирига келиб, жами 413 та кўп қаватли уйлар ўз эгаларига топширилди.
Жорий йилда эса дастур бўйича 403 та кўп қаватли арзон уйлар бунёд этилди. Эътиборлиси, 2019 йилдан бошлаб, 16 қаватли турар-жойлар қурилиши ҳам ўзлаштирилди. Яъни пойтахтимизнинг Сергели туманида 1 та ҳамда Андижон шаҳрида 2 та ана шундай уйлар қурилишида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Умуман, 3 йил давомида 1007 та арзон уй-жойлар қурилиб, 42 266 та оила ўз уйига эга бўлди. Шундай бўлса-да, бугун аҳолининг уй-жойга бўлган талаби тўлақонли қондирилгани йўқ. Ҳали неча минглаб уй-жойга муҳтожлар аризаси бўйича ўз навбати кутмоқда. Албатта, йиллар давомида орттирилган касалликни бир зумда даволашнинг имкони бўлмаганидек, бу борадаги эҳтиёжни ҳам қисқа вақтда қондириш имкони йўқ. Ҳали қурилишлар давом этади ва аҳолининг бу борадаги муаммолари бартараф этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг