Тушум аслида қанча эди?
Иллюстратив фото
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш, соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар эътирозига сабаб бўлаётган ноқонуний савдо фаолиятига чек қўйиш мақсадида кенг қамровли мониторинг ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар берди.
Жумладан, пойтахтимизнинг Ўрикзор, Чилонзор буюм бозори, Қатортол савдо комплекси ва Чорсу бозорларида ўтказилган мониторинг жараёнида 127 ҳолатда тўлов терминалларидан фойдаланмаслик, 104 ҳолатда назорат касса машиналарини ишлатмаслик, 77 ҳолатда ҳужжатсиз фаолият юритаётганлиги ва 3 ҳолатда истеъмолчиларга сифатсиз маҳсулот сотилаётганлиги аниқланди.
Мониторинг давомида нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмаслик, назорат касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат касса машиналарини йўқотиш орқали товар айланмалари тўғрисидаги маълумотномаларни сохталаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилмоқда.
Ўрикзор бозорида 13 нафар тадбиркорнинг фаолиятида ўтказилган хронометраж (кўздан кечириш) тадбирида жорий йил январь ойининг ўтган 20 кунида ўртача тушум 14,6 млн. сўмни ташкил этганди. Ваҳоланки, ўрганиш давомида бир кунлик тушум 112,5 млн. сўмни яъни, олдинги кунларга нисбатан қарийб 8 бараварга ошган маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, тўлов терминали ва назорат касса машиналарини белгиланган тартибда ишлатмаганлик учун Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача, тўлов терминали орқали тўловларни қабул қилишни рад этиш энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида ҳамда Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан, савдодан тушган нақд пулни банк кассаларига топширмаслик, яширилган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима ҳамда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, деб баҳоланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг