Туроператорлар томонидан мижозларни ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда — Транспорт вазирлиги

16:33 07 Март 2026 Жамият
549 0

Айни вақтда Яқин Шарқ минтақасида юзага келган ҳарбий ҳаракатлар туфайли Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар, Исроил давлатларининг ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хабарига кўра, 28 февралдан 7 март эрталаб соат 10:00 ҳолатига кўра, Мадина ва Жидда аэропортларидан 63 та парвозлар бажарилиб бунда 13 543 нафар Ўзбекистон фуқаролари Ватанга қайтарилган. Дубай аэропортидан эса 9 та парвоз амалга оширилиб 1 401 та фуқаро Ўзбекистонга қайтган.

Хорижий авиакомпаниялар томонидан Fly Nas (5 та) Жидда – Тошкент, Жидда – Наманган ва Fly Dubai (3 та) Дубай – Тошкент йўналиши бўйича парвозларни амалга ошириб умумий ҳисобда 1 365 та йўловчилар келтирилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий сони 990 тани ташкил этган.

«Айни вақтда Қатар ҳудудида қолган фуқароларимизни Саудиянинг Риёз аэропорти орқали олиб чиқиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Яқин Шарқ мамлакатларидаги фуқароларимизни олиб чиқиш вақтида уларнинг қарийб 95 фоизи ушбу мамлакатларга тур пакетлар асосида келганликлари кузатилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Транспорт вазирлигининг билдиришича, туроператорлар ва агентлар томонидан ўз мижозларини ташлаб кетиш ва улар билан алоқани узиш, шунингдек, юзага келган форс-мажор ҳолатида йўловчиларни тезкор маълумотлар билан таъминламай, ижтимоий тармоқларда видеороликлар тарқатиш орқали манипуляция қилиш, ўз мажбуриятларини бажариш ўрнига йўловчиларни элчилар ва консуллар билан қолдириб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Маълумот учун, барча тур пакетлар меҳмонхоналар, авиақатновлар, трансферлар ва суғурта полисларини ўз ичига олади. Суғурта полиси шартларига мувофиқ форс-мажор ҳолатларида суғурта полисларини йўловчиларнинг меҳмонхона, транспорт ва эвакуация бўйича барча харажатларини қоплаши белгиланган, бунинг учун туроператорлар ва агентлар барча ишларни тизимли тўғри ташкиллаштириши талаб этилади.

Транспорт вазирлиги:

  • барча туроператорлар ва агентлардан юзага келган форс-мажор ҳолатида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини сўзсиз таъминлаш, мижозлар билан тузилган шартнома шартларга тўлиқ риоя этиш ва ҳар бир фуқаро билан мунтазам алоқани таъминлаган ҳолда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш, авиакомпаниялар билан амалдаги шартномалардан унумли фойдаланган ҳолда авиачипталарни парвозлар амалга оширилаётган шаҳарлардаги мунтазам авиақатновларга ўзгартириш орқали ўз мижозларини хавфсиз ҳудудга олиб чиқишда ҳукумат билан биргаликда ҳаракатланишга;
  • барча резидент ва хорижий авиакомпанияларни халқаро авиаташувлар қоидалари ҳамда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида имзоланган авиаташувлар тўғрисидаги халқаро битим шартларига амал қилиш, ўз мажбуриятларини бажариш, ишларни тизимли ташкил қилиш суғурта полисларидан тўғри фойдаланиш, авиакомпаниялар ва давлатлар имижига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақиради.

«Айни дамда авиаташувларни ташкиллаштириш ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда. Фуқароларимиздан эҳтиросларга берилмаслик ўз туроператорлари ва агентлари билан доимий алоқада бўлишлари сўралади», — дейилади хабарномада.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер