Туркиялик тадбиркорлар Фарғонада янги лойиҳаларни амалга оширади
Фото: «Халқ сўзи»
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров туркиялик инвесторлар ва тадбиркорлар делегациясини қабул қилди.
Бино-иншоотлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчи "Studio Vertebra“, автобуслар ва махсус транспортлар ишлаб чиқарувчи» Termodinamik Otomotiv“, чиқиндиларни қайта ишлаш, қуёш ва шамол электростанцияларини қуришга ихтисослашган ”Klintek İnşaat ve Enerji“, ландшафт дизайнерлиги ва кўчатчилик ширкати» Ormanada Peyzaj" компаниялари раҳбарлари иштирокидаги учрашувда Фарғона вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар истиқболи ўрганилди.
Хусусан, "Klintek İnşaat ve Enerji" компанияси вакиллари Фарғонада экологик тоза технологияларни татбиқ этган ҳолда чиқиндини қайта ишлаш корхонаси фаолиятини йўлга қўйишни мўлжалламоқда. Лойиҳа қиймати 170 миллион евро бўлган корхона ишга туширилгач, бу ерда кунига 2,5 минг тоннагача чиқиндини қайта ишлаш ҳисобига йилига 50 МВт электр энергияси ва 25 минг тонна ўғит чиқарилади. Чиқиндиларнинг катта қисми яна фойдаланиладиган буюмларга айлантирилади, чиқиндининг ёқиладиган қисмидан пайдо бўладиган иссиқликдан фойдаланиш учун корхона ёнида 10 гектарлик иссиқхона барпо этилади. Корхона томида ўрнатиладиган қуёш энергияси панеллари ёрдамида ички электр энергияси эҳтиёжи қопланади. Шу тариқа лойиҳа доирасида 600 та иш ўрни яратилади.
Шунингдек, учрашувда «Тermodinamik Otomotiv“ компанияси ҳамкорлигида жамоат транспорти паркини замонавий автобуслар ҳамда электробуслар билан тўлдириш, ”Ormanada Peyzaj" томонидан вилоят марказида қад ростлаётган Экошаҳар ҳудудида 70 гектарлик «Янги Ўзбекистон» боғининг 10 гектарида ландшафт ва меъморий лойиҳани амалга ошириш, сармоядор Алпер Ялчин томонидан эса замонавий технологиялар билан жиҳозланган Гемодиализ маркази ташкил этиш таклифлари илгари сурилди.
Туркиянинг "Studio Vertebra" меъморлик ширкати мамлакатимизда бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Ширкат раҳбари Меҳмет Бекташнинг маълум қилишича, айни пайтда Марғилон шаҳрида мақом театри ҳамда янги турар жой мажмуаси, Қўқон шаҳрида дам олиш парки лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Мулоқот якунида ушбу лойиҳаларнинг амалий ижроси юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг